БАЛАНДЛИК МИНТАҚАЛАРИ

БАЛАНДЛИК МИНТАҚАЛАРИ — тоғларда мутлақ баландликнинг ортиб бориши билан табиий хусусиятларнинг қонуний ўзгариши. Геоморфологик, гидрологик, тупроқ ҳосил бўлиш жараёнлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси таркибининг ўзгаришида кузатилади. Баландлик минтақаларининг хусусиятлари ён бағирларнинг экспозицияси (рўпаралиги), уларнинг ҳукмрон ҳаво массаларига нисбатан жойлашганлиги ва океанлардан узоқлиги б-н аниқланади. Минтақалар сони одатда баланд тоғларда экваторга яқинлашган сари ортади.

Атмосфера босими тропосферада 133 н/м2 га (ҳар 11 — 15 м баландликда 1 мм симоб устунига) пасаяди. Жами сув буғининг ярми 1,5 — 2 км дан қуйида тўпланган бўлиб, юқорига кўтарилган сари буғ ва ҳаводаги чанг камаяди. Шунга кўра қуёш радиациясининг интенсивлиги тоғларда юқорига кўтарилган сари ортади, тоғ ён бағирлари юзасидан атмосферага тушаётган узун тўлқинли нурлар ва атмосферадан тушаётган муқобил нурлар камаяди. Атмосферада радиациянинг ютилиши ва қайтарилиши шароитларида ва ҳавонинг вертикаль алмашишида ҳаво т-раси, одатда, тропосферада ҳар километр баландликда ўртача 5 — 6° камаяди.

Кишиларнинг хўжалик фаолияти табиат билан боғлиқ бўлганлиги сабабли маданий ландшафт ҳам ўзгаради. Тоғлардаги энг қуйи минтақа ландшафти шу тоғ жойлашган зона ландшафтига ўхшайди. Mac, чўлдаги тоғларнинг қуйи минтақаси чўлга ўхшаш. Баландлик минтақалари юқорига кўтарилган сари текислик зоналари табиати алмашинган тартибда ўзгара борса ҳам лекин айнан такрорланмайди. Mac, тоғлардаги тундра ва музлик минтақаларида қутб кун-тунлари бўлмайди, бу нарса табиатнинг бошқа омилларида ҳам ўз аксини топади. Минтақаларнинг табиатига маҳаллий шароит, шамол, рельеф, тоғ ён бағирлари ҳам таъсир кўрсатади. Баландлик минтақалари икки гуруҳга — денгиз бўйи Баландлик минтақалари ва қуруқлик Б. м. га бўлинади. Ўрта Осиё тоғларининг этагида чўл минтақаси, сўнгра тоғ даштлари, ундан юқорида тоғ ўрмонлари, сўнгра тоғ ўтлоқлари, яна ҳам юқорида баланд тоғ чўллари ва, ниҳоят, қор-муз минтақалари жойлашган.

Loading...