БАЛЕТ

БАЛЕТ (лот. ballo — рақсга тушаман) — асар мазмуни мусиқий хореографик образлар воситаси билан ифодаланадиган саҳна санъати тури. Ўзида санъатнинг драматургия, мусиқа, хореография, тасвирий санъат каби турларини уйғунлаштиради, бу санъат турларининг ҳаммаси алоҳида-алоҳида мавжуд бўлмай, Балетнинг синтез маркази бўлган хореографияга бўйсунади. Балет либретточи, композитор, балетмейстер ва рассом ҳамкорлигида яратилади. Балетнинг драматургик асоси либретто (сценарий) дан бошланиб, унда асарнинг асосий мазмуни, ғоя, зиддият ва характерлари аниқ белгиланади. Либретто кўпинча адабий асарга асосланиб, уни мусиқа ва хореографияда гавдалантириш имконияти ҳисобга олинади. Сценарий асосида эса композитор Б. мусиқасини яратади. Унинг изчиллиги, саҳна кўриниши, парда ва номерларга бўлиниши сценарийда кўрсатилади. Мусиқа фақат сценарийни ифодалабгина қолмай, балки мусиқали образларнинг мазмуни билан уни бойитади. Балет мусиқаси хореографияни яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Балет — мусиқада ёзилган, хореографияда гавдалантирилган драма. Хореографик ҳаракатнинг асоси рақс ва инсон танасининг пластикасидир. Балетда рақснинг мумтоз, характерли, саҳна, халқ, эркин пластика, «модерн» каби турларидан фойдаланилади. Мумтоз рақс Европа Б. санъатида етакчи ўринни эгаллаб, пантомима, рақснинг бошқа турлари, спорт ва акробатика элементлари билан бойиб бормоқда. Балет спектаклида декорация, либос, ёруғлик ва б. ҳамма тасвирий воситаларни мусиқийхореографик ҳаракатга уйғунлаштириш рассомнинг вазифасидир. Балет спектаклининг ижроси, мусиқий талқини ва мусиқа билан рақс ҳаракатининг уйғунлигига дирижёр раҳбарлик қилади. Балетнинг фожиа, комедия, пьеса, Балет — симфония каби жанрлари мавжуд. Балет спектакллари бир пардали, кўп пардали бўлади. Балет атамаси асосан 16 — 19-а. лар давомида шаклланган Европа Балет санъатини ифодалайди, лекин 20-а. дан кенгроқ талқин қилиниб, Осиё ва Африка мамлакатларининг рақс томошаларига нисбатан ҳам ишлатилади. Хоз. Европа Балет ининг пайдо бўлиши қад. халқ мусиқали рақс томошаларига бориб тақалади. 15 — 16-а. лар театрлашган рақсларнинг шаклланиш жараёни аввал Италияда, сўнг бошқа мамлакатларда Балет санъатини вужудга келишига сабаб бўлди. 1581 й. Францияда яхлит ва ривожланган мазмунли мусиқа, рақс, пантомима, сўз ва ашула билан ифодаланган биринчи Балет спектакли («Қироличанинг ҳажвий балети») яратилди. 1661 й. Парижда ташкил қилинган «Қироллик рақс академияси» Б. нинг профессионал санъатга айланишида катта роль ўйнади. 18-а. да Англия, Австрия ва Францияда Балет батамом мустақил санъат тури сифатида шаклланди. Россияда биринчи Балет спектакли 17-а. нинг 70-й. ларида («Орфей ва Эвредика ҳақида балет») яратилган.

Ўзбек халқи қадимдан ўзининг мумтоз рақсига, ранг-баранг, ривожланган рақс маданиятига эга бўлиб, бу Ўзбекистонда профессионал Балет санъатининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. 1918 й. Тошкентда Туркистон халқ консерваторияси заминида Давлат рус опера театри ташкил қилинди. Театр қошида кичик балет труппаси ҳам бўлган. 1929 й. театр опера ва балет театри номини олди. «Лолақизғалдоқ» (Р. Глиэр), «Раймонда» (А. Глазунов), «Ференжи» (Б. Яновский), «Боқчасарой фаввораси», «Кавказ асири» (Б. Асафьев) каби Балетлар қўйилди. 1933 и. Тошкентда 1-Республика балет мактаби (1935 й. дан Тамарахоним номида) очилди. 1933 й. биринчи ўзбек миллий Балет пантомимаси — «Пахта» (балетмейстер Уста Олим Комилов) саҳналаштирилди. Кейинчалик «Шоҳида» (Ф. Таль), «Гуландом» (Е. Брусиловский), «Тоғлар қалби» (А. Баланчивадзе), «Лайлакча» (Д. Клебанов) каби Балетлар ўзбек мумтоз ва халқ рақслари асосида яратилди. 1941 й. да балет мактабининг биринчи битирувчилари Г. Измайлова, Р. Урманцева, Н. Таршилова қабилар балет труппасига келиб қўшилди. Аммо труппада тайёрланган кордебалетнинг йуқлиги мумтоз Балетлар қўйиш имконини бермасди. 1943 й. дагина «Оқбилак» (С. Василенко) балети қўйилди. 1948 й. ўзбек опера ва балет театри Свердлов номидаги рус опера ва балет театри билан бирлаштирилиб, А. Навоий номидаги опера ва балет театрига айлантирилди ва тажрибали кордебалет артистлари билан кучайтирилди. «Букри тойчоқ» (Ч. Пуньи), «Дон Кихот» (Л. Минкус), «Оққуш кўли» (П. Чайковский) каби мумтоз, «Раққоса» (Г. Мушель) каби миллий Балетлар қўйилди. 1948 — 51 й. лар Москва хореография билим юрти қошида очилган ўзбек балет студиясида Ҳ. Комилова, Г. Маваева, К. Юсупова, Ф. Носирова, Ё. Ҳожисаидова, Л. Баширова, А. Назруллаев, Р. Тангуриев ва б. таълим олдилар.

1947 й. Тошкентда хореография билим юрти ташкил қилинди. «Ёшлик» (М. Чулаки), «Эсмеральда» (Ч. Пуньи), «Уйқудаги гўзал» (П. Чайковский) каби спектакллар қўйилди. 50-й. ларнинг ўрталарида балет труппаси Б. Крриева, Л. Комилова, С. Тангуриева, В. Проскурина, Р. Курмасва, В. Васильев, К. Соатов ва б. балет артистлари билан тўлдирилди. Труппа таркибининг янгиланиши репертуарга ижро услуби мураккаб мумтоз Балетларни («Жизель», «Шопениана») киритиш имконини берди. 60-й. ларда «Болеро» (М. Равель), «Дон Жуан» (К. Глюк), «Спартак» (А. Хачатурян), «Корсар» (А. Адан), «Кашмир афсонаси» (Г. Мушель), «Лайли ва Мажнун» (И. Акбаров), «Севги тумори», «Темур Малик» (М. Ашрафий), «Қирққиз» (Л. Фейгин), «Семурғ» (Б. Бровцин), «Суҳайл ва Меҳри» (М. Левиев) ва б. Б. лар саҳналаштирилди. 70-й. ларга келиб, мумтоз, замонавий ва миллий балетлар билан ўзбек Балети бойиди. «Танавор» (А. Козловский), «Ойимқиз ва безори» (Д. Шостакович), «Антоний ва Клеопатра» (Э. Лазарев), «Афсоналар водийсида» (У. Мусаев), «Дунёнинг яратилиши» (А. Петров), «Севги ҳақида қисса» (О. Медиков), «Севги ва қилич» (М. Ашрафий), «Узилган қўшиқ» (А. Калниньш) ва б. спектакллар шулар жумласидан.

80 — 90-й. лар композитор ва балетмейстрларнинг миллий Балет яратиш борасидаги ҳаракатлари кучайди. «Наврўз» (Ик. Акбаров), «Қуёшга таъзим» (Р. Аб-дуллаев), «Тўмарис» (У. Мусаев) каби Балетлар миллий балетимиз мавқеини янада кўтарди. Г. Измайлова, Б. Қориева, В. Васильев, Г. Ҳамроева, Н. Ёқубова, Р. Тангуриев, С. Тангуриева, 3. Давлетмуродова, Р. Каримова, Ф. Саъдуллаева қабилар ўзбек Балет ини ривожланишига муносиб ҳисса қўшдилар. 1997 й. Тошкент хореография билим юрти негизида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ҳамда хореография мактабинтернати ташкил этилди.

Loading...