БАЛҒАМ — нафас аъзолари шиллиқ пардасидан ажраладиган чиқинди; нафас йўлларининг турли касалликларида ажралади. Балғам чиқиши айрим касалликлар (хусусан нафас йўллари касалликлари) нинг асосий белгиларидан бири. Балғам миқдори хар хил; бронхит ва ўпка яллиғланишининг бошланишида бемор бир-икки марта оз-оздан Балғам туфласа, ўпканинг йирингли касалликларида 1 — 2 л гача Балғам ажралади. Одатда Балғамнинг хиди бўлмайди, ўпкада йирингли жараён рўй берса, Балғам сассиқ ёки қўланса бўлади. Балғамнинг қуюқ-суюқпиги, ранги (оқ, занг тусли, қизғиш) унинг таркибига боғлиқ. Шилимшиқли, сероз, йирингли, шилимшиқ-йирингли, сероз-йирингли ва қон аралаш Балғам фарқ қилинади. Ўпка яллиғланиши, бронхиал астма, бронхитнинг бошланишида рангсиз, тиниқ, ёпишқоқ шилимшиқли Балғам ажралади. Ўпкага шиш келганда ажраладиган Балғам суюқ, сероз ва кўпикли бўлади. Ўпкада йирингли жараёнлар бўлса, йирингли, кўкимтир; юрак ва ўпканинг турли касалликларида қон аралаш Балғам ажралади. Балғамда қоннинг ҳужайра элементлари, ўсма ҳужайралари, энг содда жониворлар, эхинококк, аскарида личинкалари ва ўсимлик паразитлари (замбуруғлар), бактериялар бўлиши мумкин. Балғамни текшириш натижаларига қараб касаллик (хусусан, нафас йўллари касалликлари) аниқланади. Баъзи касалликларда Б. атрофидаги кишиларга касаллик юқтирувчи манба бўлиши мумкин, шунинг учун Б. ажралиши б-н кечадиган юқумли касалликларда шахсий гигиена қоидаларига қатьий амал қилиш лозим.