БАЛИҚЧИЛИК

БАЛИҚЧИЛИКхалқ хўжалигининг сув ҳавзаларида балиқ захирасини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш билан шуғулланувчи соҳаси; балиқ ўстириш тадбирлари (балиқни сунъий усулда кўпайтириш ва уни янги шароитга ўргатиш, янги зот балиқлар етиштириш, сув ҳавзаларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш)нинг биологик асосларини ва асосий балиқ ўстириш жараёнлари (вояга етган балиқларни овлаш, балиқ тухумини очириш, балиқ боқиш ва б.)нинг биотехникасини ишлаб чиқувчи фан. Б. табиий сув ҳавзалари балиқчилигига ва сунъий ҳовуз балиқчилигига бўлинади. Балиқчиликда сув ҳавзаларининг мелиоратив ҳолати яхшиланади, балиқ сунъий урчитилади, балиқпар тухум қўядиган ва ёш балиқчалар ўсадиган жойларда тегишли шароит яратилади; балиқларнинг тухум қўядиган жойлари тозаланади, дарё тўғонларига балиқ йўли ясалади, сунъий тухум қўйиш жойлари тайёрланади. Табиий сув ҳавзаларида балиқларни сунъий урчитиш, овланадиган балиқлар миқдорини кўпайтириш ёки уларни янги зот балиқлар билан алмаштириш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун махсус балиқ з-длари қурилади. Балиқ ўстириш мақсадида сув омборларидан фойдаланиш, бошқа зот балиқларни мазкур жойга олиб келиб иқлимлаштириш хам Балиқчиликнинг асосий вазифасидир. Бунинг учун сув омборлари балиқ овлашга халақит берадиган бута ва махсус ўтлардан тозаланади, ёш балиқчаларни кўпайтириш учун балиқчилик питомниги қурилади. Балиқлар махсус ҳовузларда ҳам ўстирилади. Бундай ҳовузларда балиқни урчитиш, боқишдан тортиб уни истеъмол қилинадиган даражага етказгунча бўлган жараёнлар амалга оширилади. ЎзРнинг дарё ва кўлларида 106 турдаги балиқлар мавжуд (зоғора балиқ, дўнгпешона, судак, окча, тобонбалиқ, илонбош, чўртан, лаққа балиқ, қизилкўз ва б.). Ўзбекистонда Балиқчиликни саноат асосида ривожлантириш 1937 й. дан бошланган. Ўша йили Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида «Тошкент балиқ чавоқлари хўжалиги» ташкил этилди. Кейинчалик бу хўжалик балиқ чавоқларини балиқ хўжаликлари ва табиий сув ҳавзалари учун ҳам етказиб бера бошлади. 1946 й. Ўзбекистон халқ хўжалиги Кенгаши ҳузурида Балиқчилик хўжалиги бош бошқармаси ташкил этилди. 1946 й. дан Тошкент вилоятининг Зангиота туманида балиқ етиштиришга мўлжалланган Дамачи ҳовуз балиқчилик хўжалиги ташкил этилди ва ишга туширилди.

1960 й. ларгача балиқ маҳсулоти асосан, Орол денгизи, денгиз яқинидаги кўллар ва Сирдарё ҳамда Амударёдан овланар эди (йилига ўртача 25 — 28 минг т). Республикада фақатгина карп балиғи етиштирилар ва ҳовузлардан олинадиган ҳосил 15 — 18 ц. га дан ошмас эди. 1961 й. да Хитойдан келтириб, иқлимлаштирилган ўсимликхўр балиқлардан оқ дўнгпешона, оқ амур, тарғил дўнгпешона турлари бу ер шароитига тез мослашиб, кейинчалик балиқ етиштиришнинг кескин ривожланишига замин яратди. Ҳоз. даврда республика балиқчилик хўжаликларида етиштирилаётган балиқларнинг 60 — 70% ўсимликхўр. Ўсимликхўр оқ амурдан канал ва коллекторларни ўтлардан тозалашда биологик мелиоратор сифатида фойдаланилади. Ўсимликхўр балиқ турлари Сирдарё ва Амударёда ҳам табиий урчиб, кўпаймоқда (айрим дўнгпешона балиқларнинг оғирлиги 80 кг гача боради). Республикадаги сув омборлари ҳам балиқчиликни ривожлантиришда маълум аҳамиятга эга. Ҳар йили Тўдакўл сув омборидан 500, Чимқўрғон ва Жиззах сув омборларидан 70—100 т гача балиқ овланади. Ҳоз. «Ўзбалиқ» корпорацияси тизимида 8 бирлашма (Қуйи Чирчиқ «Балиқчи» тажрибанамунавий балиқчилик бирлашмаси, Мўйноқ, Хоразм ва Жиззах балиқчилик бирлашмалари, Қорақалпоғистон балиқчилик хўжаликлари бирлашмаси ва б.), 7 к-т (Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Дамачи ва Навоий балиқчилик к-тлари), 10 балиқчилик хўжалиги: Андижон, Наманган, Фарғона, Бешариқ, Гулбоғ (Наманган вилояти), Янгиер (Сирдарё вилояти), Когон (Бухоро вилояти), Фориш (Жиззах вилояти), Узун (Сурхондарё вилояти) хўжаликлари, шунингдек Тошкент хонбалиқ (Бўстонлиқ тумани) хўжалиги, Хоразм вилоятида Тўрткўл фермер хўжалиги, балиқ чавоқпари етиштириш давлат хўжалиги (Янгийўл), Ихтиопатология маркази (Тошкент), Чиноз балиқ омухта ем и. ч. корхонаси, улгуржи савдо омборхоналари ва б. бор (1999). ЎзРда умумий майд. 12 минг га бўлган сунъий кўл ва ҳовузларда 22 минг т. товар балиқ маҳсулотлари етиштириш имкониятлари бор. Етиштириладиган балиқ турларини кўпайтириш, шароитга мос турларини олиб келиб, иқлимлаштиришда «Ўзбалиқ» корпорациясининг Сув ҳавзалари жониворларини ўрганиш ин-ти («Аквакультура») хўжаликларга яқиндан ёрдам беради (яна қ. Балиқлар)

Loading...