БАЛЛАДА

БАЛЛАДА (франц. ballade, сўнгги лот. ballo — рақсга тушаман) — 1) 14 — 15-а. лар француз адабиётидан қатъий ўрин олган лирик жанр (Ф. Вийон); 2) инглиз халқ поэзиясида лиро-эпик жанр ва романтизм поэзиясидаги айни шундай жанр (Р. Берне, Г. Бюргер, И. В. Гёте ва б.). Романтик Баллада фантастика, фольклор, афсонавийтарихий, маиший мавзудаги сюжетга эга шеърий асардир. 20-а. да Баллада қатъий жанр сифатида ўз қимматини йўқотади (Б. Брехт, Н. С. Тихонов ва б. нинг айрим шеърлари бор холос). Баллада жанридаги асарлар намуналари ўзбек мумтоз адабиёти (Сайфи Саройи — «Сухайл ва Гулдурсун»; Алишер Навоий — «Хотами Тойи») ва замонавий адабиёт (М. Шайхзода — «Сулҳ дарахти»; Шуҳрат — «Мардлик афсонаси»; Ҳ. Олимжон — «Жангчи Турсун»; Ғ. Ғулом — «Сув ва нур»)да ҳам учрайди; 3) (мусиқада) — Б. 12 — 13-а. ларда трубадур ва труверлар ижодининг асосий жанри сифатида кенг ривож топди. Уйғониш даврида унинг полифоник турлари юзага келди (Гильом де Машо). Мусиқий романтизм услубида Баллада сюжет (муайян мавзу)ли мусиқа жанри сифатида камер-вокал (асосан, Австрия ва Германия композиторлари ижодида — Ф. Шуберт, Р. Шуман, Ф. Лист, И. Брамс, X. Вольф) ва камер-чолғу (асосан, фортепиано учун: Ф. Шопен, Э. Григ ва б.) асарларида ўз ифодасини топди. Ўзбекистон мусиқасида Баллада кўпроқ қаҳрамонлик ёки ишқийқаҳрамонлик, фалсафий талқинга эга (Д. Зокиров, И. Акбаров, Д. Сайдаминова). М. Бурҳоновнинг хонанда ва симфоник оркестр учун «Ишқ Ўти» Б. си (1939, Машраб ғазали) мазкур жанрнинг Ўзбекистондаги илк намунасидир. Балладанинг муайян хусусиятлари бошқа жанрларга сингдирилганлиги сабабли бундай асарлар қўшма номлар билан ҳам аталади (мас, Б.-поэма, Баллада симфония ва б.).

Loading...