БАЛОҒАТГА ЕТИШ

БАЛОҒАТГА ЕТИШ, балоғат, расида (раста) бўлиш, бўйига етиш — организмнинг бир қанча анатомик ва физиологик ўзгаришлар натижасида биологик жиҳатдан секин-аста вояга етиши ҳамда жинсий жиҳатдан етилиб, кўпайишга, яъни наслни давом эттиришга лаёқатли бўлиб қолиши. Қизлар ўғил болаларга нисбатан эртароқ балоғатга етади. Қизларда бу давр аксари 12 — 14 ёшдан 16 — 18 ёшгача, ўғил болаларда 13 — 15 ёшдан 16 — 20 ёшгача давом этади. Балоғатга етиш муддати ўсмирнинг ирсий хусусиятларига, соғлиғига, овқатига, шунингдек ҳаёт тарзи (маиший, ижтимоий-иқтисодий) ва иқлим шароитларига боғлиқ. Турли нохуш омиллар: оғир касалликлар, ёлчиб овқатланмаслик ва б. одатда жисмоний ва руҳий ривожланишнинг кечикишига сабаб бўлади. Нимжон, касалманд болалар соғлом болаларга нисбатан кечроқ балоғатга етади. Кеч ёки эрта Балоғатга етиш жинсий безлар, буйрак усти безлари ва гипофиз функциясининг бузилишига алоқадор бўлиши мумкин. Балоғатга етиш даврида жинсий инстинкт анча тез шаклланади. Қизлар ҳайз кўради, болаларда ихтилом (поллюция) кузатилади, шунингдек организмда чуқур ўзгаришлар рўй беради: ўсмирнинг бўйи чўзилиб, иккиламчи жинсий белгилари пайдо бўлади; ўғил болаларда соқол-мўйлов кўриниб, овози дўриллаб қолади, қизларнинг бадани юмалоқ тортиб, биринчи галда сони ва думбасида ёғ тўпланиб боради, сут безлари катталашиб, чаноқ суяклари энига кенгаяди. Қонда жинсий гормонлар кўпайиб, бир жинс иккинчи жинсга кўпроқ эътибор бера бошлайди. Балоғатга етиш даврида ўсмирнинг психикаси ҳам ўзгариб, нерв тизимининг фаолиятида бир қатор ўзгаришлар рўй беради. Гормонлар, аввало жинсий безлар (мояк, тухумдон) гормонлари Балоғатга етишда муҳим аҳамиятга эга.

Балоғатга етишда жисмоний ривожланишнинг эътиборли хусусиятларидан бири тана қисмлари нисбати, яъни пропорциясининг вақтинча бузилишидир. Қўл-оёқлар танага нисбатан кўпроқ ўсади, шу сабабдан ҳаракатлари қўполроқ, келишмаган бўлиб қолади. Ўғил болаларда мускул кучи зўр бериб ортиб боради, мускуллар массаси катталашади.

Расталик даврида ўсмирлар организмининг ривожланиб боришида бўладиган хусусиятлар ҳақида отаоналар ва педагоглар ўсмирларга тўғри маълумот беришлари керак, бу эса баъзи йигит-қизларнинг беҳуда қўрқиши ва асабийлашишининг олдини олади. Балоғатга етиш даврида ўсмирнинг жисмоний жиҳатдан тўғри ривожланиши ҳам катта аҳамиятга эга. Бунинг учун бекаму кўст овқатланиш, шунингдек спорт ва жисмоний машқлар б-н шуғулланиб туришга алоҳида эътибор бериш зарур.

Loading...