БАЛТИМОР — АҚШдаги шаҳар ва порт, Мэриленд штатида, Атлантика океанининг Чесапик қўлтиғи соҳилида. Аҳолиси 2 млн. киши (шаҳар атрофи б-н бирга, 1990). Балтимор АҚШнинг муҳим транспорт, савдомолия, саноат ва маданий марказларидан. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик (асосан кемасозлик, электротехника, радиоэлектроника, авиаракета), нефтни қайта ишлаш, кимё, озиқ-овқат саноати ривожланган. Балтимор порти умумий юк обороти бўйича мамлакатдаги портлар орасида олдинги ўринда туради. Балтиморда ун-тлар, консерватория, илмий муассасалар, музейлар бор. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Балтиморга 1729 й. да асос солинган. Потомак дарёси бўйида биринчи колония барпо этган лорд Балтимор номига қўйилган.