БАЛХ

БАЛХ — Шим. Афғонистондаги кўҳна шаҳар, ҳоз. Мозори Шариф ш. нинг ғарбида. Мил. ав. 7 – а. дан маълум. Балх тарихда Умм ул-билод (Шаҳарлар онаси) деб юритилган. Юнонлар уни Бақтра деб атаганлар. Мудофаа девори билан ўралган Боло Ҳисорда ва ундан жан. роқдаги Янги Балхда Балхнинг энг қад. харобалари ва турли топилмалар учрайди. Кушонлар даврида ва ундан илгари шаҳар майдони Тепаи Заргарон ҳисобига кенгаяди. Шаҳар қалъаси Боло Ҳисордан Янги Балхга кўчирилган. Натижада Боло Ҳисор, Тепаи Заргарон ва Янги Балх ҳудудларини бирлаштирувчи шаҳар девори вужудга келган. Археологик қазишлар туфайли Балхдан қад. девор ва шаҳар арки деворлари топилган. Балх Ахоманийлар давлатига, ундан кейин Александр (Искандар) салтанатига қарам бўлган. Унинг инқирозидан кейин. янги ташкил топган Юнон-Бақтрия подшолигининг пойтахтига айланган (мил. ав. 250 — 130й. лар). Балх мил. ав. 2 – алан юечжилар, сўнгра Кушон подшолиги таркибига ўтди. Бу даврда Балхда ҳунармандчилик ривожланди, Эрон, Ҳиндистон ва Хитой билан савдо-сотиқ олиб борилди, пул зарб қилинди. Аҳоли зичлигидан шаҳар ташқарисида уй-жойлар қурилди. Натижада Балх Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган «Буюк ипак йўли»даги йирик савдо шаҳарларидан бирига айланди. 711 й. Б. ни араблар фатҳ этган. Ғазнавийлар (962 — 1148), ғурийлар (1148 — 1206) ҳукмронлиги даврида Б. Ўрта Шарқнинг йирик шаҳарларидан эди. Бу даврда ҳунармандчилик маҳаллалари вужудга келди. 1221 й. Б. ни мўғуллар босиб олиб вайрон қилган. 13 — 14 – а. ларда Чиғатой улуси таркибида бўлди. 1370 й. дан бошлаб Темур салтанати таркибига кирди. Темурийлар, шайбонийлар ва аштархонийлар замонида (15 — 18 – а. лар) Балх муҳим вилоят ҳисобланган. Шайбонийлардан Пирмуҳаммадхон (1546 — 67) ва аштархонийлардан Надр Муҳаммадхон (1611 — 42) ноиблик қилган замонда анча ривожланди, катта илмий марказга айланди, кўплаб тарихий, жуғрофий ва адабий асарлар яратидди. Шаҳар бу вақтда икки қисм: шаҳри дарун (ички шаҳар) ва шаҳри берун (ташқи шаҳар) дан иборат бўлган. Шу йилларда қурилган масжид, Мадраса, ҳаммом, раста ва б. бинолар сақланиб қолган. 19 – а. нинг 60 – й. ларида Балх Афғонистон таркибига кирди. Балх атрофида Будда монастири ва стулалари (жумладан, 2 – а. га оид пишиқ ғишт билан қопланган улкан «Тапа (тепа) Рустам» ступаси) бор. У 54 х 54 м ли мурабба тарҳли супа устига қурилган бўлиб, диаметри 43 м. Қад. шаҳар ёдгорликларидан Боло Ҳисор қалъаси сақланган. Ўрта аср шаҳридан арк, шаҳристон ва уларнинг пахса деворлари қолган. 15 – а. охирида қурилган Хожа Абу Порсо масжиди ва мақбараси яхши сақланган.

Ад: Мухаммад Юсуф мунши, Мукимханская история, Т., 1936; Ҳофиз Таниш ибн Мир Муҳаммад Бухори й , Абдулланома, 1-жилд, Т., 1999; Гулбадан бегим, Ҳумоюннома, Т., 1959; Пугаченкова Г. А., Халчаян. К проблеме художественной культуры Северной Бактрии, Т., 1966.

Loading...