БАЛЬЗАМЛАШ

БАЛЬЗАМЛАШ, мумиёлаш — мурда ёки унинг айрим аъзолари ва тўқималарини чиритмайдиган қилиб узоқ сақлаш усули. Бунинг учун жасадга чиритувчи микробларни ўлдирадиган махсус антисептик моддалар шимдирилади. Одатда тиббиёт ўқув юрти талабаларига кўрсатиш, и. т. олиб бориш, мурдани узоқ, масофага етказиб бериш зарурияти туғилганда, шунингдек машҳур кишилар жасади бальзамланади. Бальзамлаш қадимдан маълум, дастлаб Мисрда қўлланилган; улар Бальзамлаш воситаларига хушбўй моддабальзам ҳам қўшиб ишлатганлар (бальзамлаш номи шундан олинган). Илгари мурданинг боши, кўкрак, қорин бўшлиқларини турли туз эритмалари билан тўлдирганлар. 16 — 17-а. ларда Европада ҳар хил кимёвий моддалар аралашган эритмалар кенг қўлланилган. Бальзамлаш учун кўпроқ формалин (формальдегиднинг 40%ли эритмаси), этил спирти, сирка кислота ва б. қўлланилади. Томирга формалин юбориб, мурда ёки аъзо ана шу эритмага солиб қўйилса, узоқ туради (формалин тўқималарни мустаҳкам тутиб, бактерияларнинг ривожланишига йўл қўймайди). Суд тиббиётида Бальзамлаш учун кўпинча баробар миқдордаги спирт ва формалин эритмаси ишлатилади.

Бальзамлашнинг анча мукаммал усуллари ҳам бор.