БАНАН (Musa) — банансимонлар оиласига мансуб кўп йиллик тропик ўсимлик. Ватани Африка ва Осиёнинг тропик ва субтропик зоналари ҳамда Малайя архипелаги. Асосан, Лотин Америкаси мамлакатларида ўстирилади. Бананнинг бўйи 15 м гача боради, барги йирик (уз. 4 м гача, эни 90 см гача). Бананнинг 40 га яқин тури бор. Гули қўш жинсли. Меваси резавор мева. Бир туп мевада 300 тагача меваси бор (60 кг гача). Бир мевасининг уз. 15 см гача, диаметри 3 — 4 см га боради. Сарғиш, эти оқиш, ширин. Этининг таркибида 75 — 76% сув, 14 — 22% қанд, 5 — 8% крахмал, 1,5% гача протеин, 0,3 — 0,6% мой бор. Партенокарпия усулида (оталанмасдан) мева ҳосил қилади, шунинг учун уруғи пуч. Банан меваси хўллигича ҳамда қуритилган ҳолда истеъмол қилинади. Кўпчилик турларининг меваси ейишга ярамайди. Банан илдиз бачкилари ёрдамида кўпаяди. Айрим турларидан денгизчиликда қўлланиладиган арқонлар, балиқ овлаш тўрлари тайёрлашда ишлатиладиган тола (абака) олинади. Бананнинг хушманзара дарахт сифатида кўчалар, паркларда ва уйларда ўстирил ган турлари ҳам бор (япон Банан).
Рихсивой Жўраев.