БАНГЛАДЕШ

БАНГЛАДЕШ, Бангладеш Халқ Республикаси (Гоно Прожатонтри Бангладеш) — Жан. Осиёдаги давлат. Ҳинд океанининг Бенгалия қўлтиғи бўйида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан 4 вилоятга бўлинади, улар 19 округ (дистрикт)ни ўз ичига олади. Майд. 143,988 минг км2. Аҳолиси 122 млн. киши (1997). Пойтахти — Дакка ш.

Давлат тузуми. Бангладеш — унитар республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. 1972 й. ги конституцияга биноан давлат бошлиғипрезидент. Б. да бир палатали парламентМиллий мажлис иш олиб боради. Унинг 330 депутати мамлакат президенти каби 5 й. муддатга сайланади. Ижрочи ҳокимиятни президент ҳукумат билан биргаликда бошқаради.

Табиати. Мамлакат Ганг, Браҳмапутра ва Мегхна дарёлари этагидаги текисликда жойлашган. Шарқий ва жан.-шарқий қисмидаги Читтагонг тепалигининг бал. денгиз сатҳидан 1200 м гача. Тошкўмир, табиий газ, темир рудаси, каолин, торф конлари бор.

Бангладеш бутун ҳудудининг 6%га яқини доимо сув остида, учдан икки қисмини қисқа муддат сув босади. Тез-тез сув тошқинлари содир бўлиб, одамлар ҳалокатига, ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади, иморатларни вайрон қилади, аммо қ. х. учун алоҳида аҳамиятга эга бўлади, чунки ерларга экинларнинг ўсиб ривожланиши учун зарур бўлган органик моддалар ва тоғ жинсларини оқизиб келтиради. Мамлакат иқлими тропик, муссон, ёзи иссиқ ва серёмғир, совуқ ойларда об-ҳаво қуруқ келади. Йилнинг энг совуқ ойи янв. да ўртача ҳарорат 26°. Энг илиқ ой апр. да ҳарорат 33° дан 36° гача бўлади. Дунёдаги энг нам иқлимлардан бири шу ерда. Мамлакатнинг кўп қисмига йилига ўрта ҳисобда 1525 мм гача ёғин ёғса, айрим тоғ олди ҳудудларига 5080 мм гача ёғади. Муссон даври (июнь—сент.) энг серёғин пайтдир. Дарёларда тимсоҳ, тошбақа, балиқдар бор. Бангладеш ҳудудининг 15% га яқини доимо яшил ўрмонлар б-н қопланган. Уларда бамбук ва ротанг дарахтлари (пальманинг бир тури) кўп. Мадхупур ва Сундарбан чангалзорларида йўлбарс ва мушуксимонларнинг бошқа турлари, тоғли жойларда фил, қоплон ва каркидонлар учрайди.

Аҳолисининг 98% бенғаллар. Бихарлар, санталлар, мунда, ораон, чакма, марма, кхас қабилар ҳам яшайди. Расмий тили — бенгал ва инглиз тиллари. Аҳолининг 85% мусулмон. Б. туғилиш ва аҳолининг зичлиги жиҳатидан дунёда энг юқори ўринлардан бирида туради. Шаҳар аҳолиси 24% ни ташкил этади. Энг катта шаҳарлари: Дакка, Читтагонг.

Тарихи. Бангладеш ҳудуди (собиқ Шарқий Бенгалия) да дастлабки давлат мил. ав. 7 — 6 – а. ларда пайдо бўлган. Ванга давлати (кейинчалик Бангла; давлатнинг ҳоз. номи ҳам шундан келиб чиққан) шуларнинг бири бўлган. Мил. ав. 4 – а. дан мил. 5 – а. гача Бангладеш ҳудуди турли ғинд салтанатлари таркибида бўлди. 6 – а. да у Ғарбий Бенгалия билан ягона Бенгалия давлати бўлиб шаклланди. 13 – а. бошларида Дехли султонлигининг мусулмон султонлари уни босиб олишди. Шу туфайли бу ерда мусулмон дини тарқалди (илгари ҳинду дини устун эди). 16-а. да бобурийлардан Акбаршоҳни Ҳиндистонга қўшиб олди. 18 – а. бошларида Бангладеш ҳудуди мустақил бўлди, 1757 й. дан инглизлар қўлига ўтди, сўнгра Англиянинг Ҳиндистон мустамлакаси таркибидаги Шарқий Бенгалия вилоятига айланди. 1947 й. Ҳиндистон мустақилликка эришгач, бу ерда икки давлат — Покистон ва Ҳиндистон вужудга келиши муносабати б-н Шарқий Бенгалия Ассом округига қўшилиб, Покистоннинг янги вилояти сифатида «Шарқий Покистон» номини олди. Бироқ Ғарбий Покистон билан бўлган иқтисодий ва сиёсий зиддиятлар 1971 й. да Бангладешнинг мустақил деб эълон қилинишига олиб кедди. 1974 й. дан Бангладеш — БМТ аъзоси. Миллий байрами — 26 мартМустақиллик куни. ЎзР билан дипломатик муносабатларни 1992 й. окт. да ўрнатган.

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Б. ишчи-деҳқон халқ лигаси; Халқ лигаси; Б. миллатчи партияси; Миллий халқ партияси; Миллий партия. Миллий ишчи лигаси касаба уюшмаси бирлашмаси; Ишчи ва хизматчиларнинг бирлашган кенгаши; Б. касаба уюшмалари маркази.

Хўжалиги. Бангладеш — аграр мамлакат. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 80% қ. х. билан машғул. Ишланадиган ернинг 50%дан йилига 2 — 3 марта ҳосил олинади. Аммо қ. х. мамлакат аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиролмайди. Доимий бўлиб турадиган табиий офатлар, айниқса сув тошқинлари қ. х. ишларини қийинлаштиради. Асосий экинлари — шоли (ишланадиган ернинг 90%га экилади), жут, чой (умумий майд. 47 минг га), буғдой. Шакарқамиш, дуккакли экинлар, мойли экинлар (рапс, кунжут, хантал, арахис ва б.) ҳам етиштирилади. Чорвачилик кам ривожланган. Қорамол (асосан улов учун), эчки, қўй, парранда боқилади. Балиқ овланади.

Саноат мамлакат эҳтиёжининг жуда оз қисмини қондиради. Асосан қ. х. хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган. Асосий тармоқлари — тўқимачилик (айниқса, жут ва ип газлама), озиқ-овқат (қанд-шакар, ёғ, тамаки, шоли, чой). Жундан маҳсулот и. ч. да Ҳиндистондан кейин иккинчи ўринда туради. Қоғоз, кимё, нефть маҳсулотлари, цемент, машинасозлик ва саноатнинг бошқа тармоқлари корхоналари бор. Энергетика мамлакат эҳтиёжини қондирмайди. Бир йилда 8,1 млрд. кВт-с электр энергия ҳосил қилинади. Юкларнинг кўпи сув йўллари орқали ташилади. Т. й. узунлиги 2,7 минг км, автомобиль йўллари уз. 193 минг км. Энг катта денгиз портлари — Читтагонг ва Чална. Четга жун, тери маҳсулотлари, чой, балиқ чиқаради. Халқаро аэропорти — Дакка ш. да. 1988 й. ва 1991 й. даги сув тошқинлари транспорт ва коммуникация тизимига катта зиён етказган. Ташқи савдодаги асосий мижозлари — АҚШ, Япония, Буюк Британия, Германия, Хитой. Пул бирлигитака.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Бангладеш аҳолисининг 75%дан кўпроғи саводсиз. Болаларнинг 60%га яқини бошланғич мактабга қатнайди. Дунёвий мактаблардан ташқари диний мактаблар ҳам бор. Техника коллежларига ўқувчилар камроқ кирадилар. Бангладешда 6 ун-т (энг катталари Дакка ва Ражшахи ш. ларида), бир қанча ин-тлар, жумладан политехника, тўқимачилик ин-тлари, қ. х. академияси бор. Бенгалия академияси, атом энергияси, қ. х. ва ўрмончилик, иқтисодиёт, тиббиёт, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар и. т. муассасаларида тадқиқот ишлари олиб борилади. Даккада марказий оммавий ва ун-т кутубхоналари, 2 музей мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Бангладеш даги йирик газ. лар — «Озоди» (бенгал тилидаги кундалик газ., 1960 й. да ташкил этилган), «Бангладешобсервер» («Бангладеш шарҳловчиси», 1949), «Бангладеш тайме» («Бангладеш вақти», 1949), «Дойник Бангла» («Кундалик Бенгалия», 1964). Давлат ахборот агентлиги — «Бангладеш Сангбад Сангаста» 1972 й. ва хусусий агентлик — «Истерн ньюс Эйженси» 1970 й. да тузилган. Бангладеш радиоэшиттириши ва телекўрсатуви давлат қарамоғида.

Адабиёти. Бангладеш адабиёти бенгал тилида бенгал адабиёти анъаналари асосида ривожланмоқда. 10 — 12 – а. ларда тузилган диний мазмундаги мадҳиялар тўплами — «Чоржапод» бенгал тилидаги илк ёзма ёдгорлик ҳисобланади. 16 — 17-а. ларда шеърият гуллаб яшнади. Ўрта асрларда турли илоҳларга бағишланган ривоят, достонлар катта аҳамият касб этди. Мусулмон шоирлардан Давлат Қози ва Сайид Алаол биринчи бор дунёвий мавзуларга мурожаат қилдилар ҳамда Бенгалиядаги ҳинду ва мусулмон маданиятини бир-бирига бирлаштирдилар. Мусулмон адиблар араб ва форс шеърияти услублари, ўхшатмаларидан, мусулмон анъаналарига алоқадор оҳанг ва воқеалардан баракали фойдаландилар. Бу йўналиш 17-а. да вужудга кедди ва 19 — 20 – а. ларда Мир Мушарраф Ҳусайн, Койкобод, Назрул Ислом, Абдул Фазл, Абдул Қодир каби ёзувчилар уни юксак чўққига кўтаришди. Fyлом Мустафо, Равшан Яздони, Жасимуддин каби шоирлар, жамоат арбоби ва шоира Бегум Суфия Камол 20-а. Б. адабиётининг энг машҳур вакилларидир. Шоирлардан Шамсур Раҳмон, Ҳасан Ҳафизур Раҳмон ва б. лар ижтимоий мавзуларда қалам тебратдилар. 19 — 20-а. бенгал адабиётининг йирик намояндаси P. Тагордир. Унинг ижоди бутун Ҳиндистон адабиётига таъсир ўтказган. Ш. Чоттопаддҳайя (1876 —1938), Б. Бондопадҳайя (1896-1950) каби ёзувчилар унинг мактабидан етишиб чиққанлар. Бангладеш мустақилликка эришгандан сўнг қисқа пьеса ва ҳикоялар, ватанпарварлик ва муҳаббатни мадҳ этувчи шеърлар етакчи жанр бўлиб қолди. Ижтимоий масалалар, фуқаролик жамияти, инсонпарварлик мавзуларида насрий асарлар юзага келди. Меъморлиги ва санъати. Бангладеш ҳудудида 7—12-а. ларга мансуб шаҳар ва ибодатхоналарнинг вайроналари, 12 — 13-а. ларда бино қилинган масжид, Мадраса ва мақбаралар сақланиб қолган. 16 — 17-а. лар меъморлиги ислом услуби қоидаларига мосланган. Инглиз мустамлака ҳукмронлиги даврида анъанавий услубдаги бинолар (Даккадаги «Юддузли масжид», 18 – а.) б-н бир қаторда инглиз неоклассикаси услубидаги янги иморатлар (Даккадаги банк биноси, 19 – а.) пайдо бўлди. Шаҳарларда замонавий услубдаги жамоат, уй-жой, саноат бинолари қад кўтарди. Бангладешда қадимдан безакли амалий санъат (тўқувчилик, каштачилик, ёғоч ва фил суяги ўймакорлиги) ривожланган. Тасвирий санъатда илғор йўналиш давом этмоқда. Кино санъати 1959 й. дан ривожлана бошлади («Шундай кун келар» фильми, реж. Ж. Кардар).

Loading...