БАНЖУЛ, Батерст — Гамбиянинг пойтахти, энг катта порт шаҳри, савдо ва саноат маркази. Аҳолиси 135 минг киши (шаҳар атрофи б-н, 1995). Банжул 1816 й. Сент-Мэри о. да қурила бошлаган ва унга Британия мустамлакалар министри Батерст номи берилган ва 1973 й. гача шу номда аталган. 1965 й. дан мустақил Гамбиянинг пойтахти. Озиқовқат (ер ёнғоқ тозалаш, ёғ и. ч., балиқ консервалаш) саноати, дарё кемасозлиги корхоналари, тахта тилиш з-длари бор. Гамбия ташқи савдоси муомаласининг деярли ҳаммаси Банжул орқали ўтади. Четга ер ёнғоқ, тери хом ашёси ва мум чиқарилади. Ҳунармандчилик ривожланган. Халқаро аэропорт ва ўқитувчилар тайёрловчи коллеж бор.