БАРЕНЦ ДЕНГИЗИ

БАРЕНЦ ДЕНГИЗИ — Шим. Муз океанининг энг чекка денгизи. Европанинг шим. материк қирғоғи билан Франц-Иосиф Ери, Вайгач, Шпицберген, Новая Земля ва Медвежий о. лари оралиғида. Денгиз сайёҳи В. Баренц номи билан аталган. Майд. 1424 минг км2. Ўртача сув хажми 282 минг км3, ўртача чуқ. 360 дан 400 м гача, энг чуқур жойи 600 м. Қирғоқ чизиғи нотекис, баланд қояли, қўлтиқ ва қўлтиқчалар (Чёша, Печора, Хайпудир ва б.) кўп. Денгизда ороллар кам. Энг каттаси — Колгуев о. Б. д. га материкдан йилига 163 км3 сув қуйилади, шундан 70% ини Печора дарёси олиб келади, Индига дарёси ҳам Баренц денгизига қуйилади. Порсангерфьорд, Варангерфьорд, Мотовский, Кола ва б. қўлтиқлари бор. Б. д. иқлими арктика иқлимига мансуб, лекин Гольфстрим оқими таъсирида қиши илиқроқ. Ҳавонинг ўртача т-раси фев. да шим. да — 20° дан — 25°гача, жан.-ғарбда — 4°; авг. да шим. да 0°; жан.-ғарбда 10°. Ёғин миқдори шим. дан (250 мм) жан.ғарбга қараб ортиб боради (500 мм). Баренц денгизи сувининг шўрлиги 32 — 35%о. Йил давомида денгизнинг фақат жан.-ғарбий қисми илиқ Нордкап оқими таъсиридан музламайди. Бошқа қисмлари қишда қалин муз билан қопланади, шим. да муз йил бўйи эримайди. Баренц денгизида оқ айиқ, нерпа, Гренландия тюлени, белуха, косатка, нарвал яшайди, қирғоқларида қушлар «бозори» бор. Баренц денгизидан треска, пикша, денгиз окуни, сельд, камбала, палтус каби балиқлар овланади. Кола я. о. нинг шим. да, Баренц денгизи соҳилида Россиянинг музламайдиган порт шаҳри — Мурманск ва Норвегиянинг Варде порти жойлашган. Баренц денгизи ташқи юк оборотида транспорт, балиқчиликда катта ахамиятга эга.

Loading...