БАРГ УРОВЧИЛАР (Tortricidae) – майда ёки ўртача катталикдаги капалаклар оиласи. Қалин тукли тангачалар билан қопланган қанотлари ёзилганда 8 — 30 мм бўлади. Олдинги қанотлари энсиз, чўзиқ. Табиий ҳолатда қанотлари тахланиб туради. Тухумлари ясси, думалоқ ёки чўзиқ, ялтироқ пўстли. Капалаклари тухумларини барг устига, мева ёки новда пўстлоқларига ва дарахт танасига бир донадан ёки тўп-тўп қилиб қўяди. Қуртлари чувалчангсимон, 3 жуфт кўкрак ва 5 жуфт қорин оёқлари бор. Б. ў. ҳаёт кечириш хусусиятларига кўра тухум даврида қишловчи, 2 — 3 ёшдаги қуртлик даврида қишловчи, катта ёшдаги қуртлик ҳолида қишловчи турларга бўлинади. Барг уровчилар қуртлари озиқланиш типи ва яшаш жойларига биноан 3 трофик гуруҳга: пўстлоқ остида яшаб, ёғочли қисмини зарарловчи ксилофитлар; барглар билан озиқланиб, мева сиртига зарар етказувчи филлофитлар; мева ичида ҳаёт кечирувчи капрофитлар (мевахўрлар)га бўлинади. Барг уровчилар ўсимликларнинг куртаги, шонаси, тожбарглари, ёш новдалари ва меваларига зарар етказиб, мевали дарахтлар ҳосилини 80% гача камайтириши мумкин. Турли мамлакатларда Барг уровчиларнинг 5000 тури маълум, Ўзбекистонда 20 тури аниқланган.