БАРОККО (итал. barocco — ажиб, ғалати) — 16-а. охири — 18-а. ўрталарида Европа ва Америка санъатидаги асосий услублардан бири. Европада миллат ва миллим давлатлар жадал шаклланаётган даврда Уйғониш даври бадиий маданияти ва субъектив ҳис-туйғуларни ифодаловчи маньеризм ўрнига вужудга келди. Аристократия ва черков билан боғлиқ бўлган Барокко санъати уларнинг шон-шуҳратини оширишга ҳамда тарғиб этишга қаратилган эди. Барокко санъатига антифеодал чиқишлар, миллий озодлик ҳаракатлари ўз таъсирини кўрсатиб, унга демократик исёнкорлик руҳини киритди. Дабдабага мойил бўлган Барокко дунёнинг яхлитлиги, чексизлиги, мураккаб ва ранг-баранглиги, доимий ўзгарувчанлиги ҳақидаги янги тасаввурларни, инсонни ўраб турган муҳит ва б. га бўлган қизиқишларни акс эттиради; унга кескинлик, образларнинг ҳаракатчанлиги, ҳис-туйғулар курашининг шафқатсизлиги, тантана ва улуғворликка ин-тилиш, мавжуд борлиқ б-н хаёлий орзуни уйғунлаштириш, санъатлар уйғунлигига ин-тилишлар хос.
Барокко услубида қурилган меъморий мажмуалар фазовий ечими, майда меъморий безакларга мўллиги ва ягона ғояга бўйсуниши билан ажралиб туради. Меъморлар шаҳар кўча ва майдоиларига, у ердаги мавжуд қурилишларга улуғворлик бериш учун турли оптик ва б. қонунларга мурожаат қиладилар, тескари перспектива қонунларидан фойдаланадилар. Тасвирий санъатда диний, мифологик ва мажозий мавзулардаги безак мужассамотлар, тантанавор дабдабали портретлар кенг ўрин эгаллайди.
Б. Италияда шаклланиб ривожланди. Меъмор ва ҳайкалтарош Л. Бернини, меъмор Ф. Борромини, Г. Гварини, рангтасвирчи демократик реализм йўлбошчиси Караважо, академизм йўлбошчиси ака-ука Каррочилар, деворий рангтасвир усталари Ж. Б. Тьеполо ва б. шу санъат ривожига катта ҳисса қўшди. Фландрияда П. П. Рубенс, А. ван Дейк, Я. Йордане, Ф. Снайдерс ижодида Барокко тўлақонли ва ҳаёт ҳақиқатига яқин ҳолда ривожланса, Испания, Португалия, Германия ва б. Европа мамлакатларида маҳаллий хаёт ва анъаналар таъсирида ўзига хос йўналишни шаклланишини таъминлади. Францияда классицизм билан уйғунликда ўзига хос жимжимадорлик касб этди. Россияда 18-а. 1-ярмида Петр I ислоҳотлари ва дворян монархиясининг мустаҳкамланиб бориши билан ривожланди. Петербург, Москва ш. лари, шаҳардан ташқарида яратилган шоҳ ва зодагонларнинг уй ва саройларида шу давр руҳи ўз ифодасини топди: Петр I саройи (Петергоф), Царское Село (Пушкино ш.), Петербургдаги қатор сарой, монастир ва соборлар (Қишки сарой, Смольний монастири ва б.) шулар жумласидан. Меъморлардан В. Растрелли, Д. Ухтомский, С. Чевакинский ва б. нинг ҳиссаси катта. Тасвирий санъатда дунёвий мавзулар, давлат арбобларининг тантанавор, кўтаринки рухдаги дабдабали портретларида ўз ифодасини топди. К. Растрелли ҳайкалтарошлик асарлари, И. Никитин, А. Б. Антропов рангтасвирлари шулар жумласидан.
Б. Италияда ривожланиб Европага кенг ёйилди. Кейинроқ эса европаликлар босиб олган қитъа ва минтақаларга ҳам бу санъат таъсири кириб борди. Америка, Осиё, Австралияда Барокко усулида яратилган асарларнинг мавжудлиги шундан. Ўрта Осиёда рус истилосидан кейин қурилган меъморлик мажмуаларида, жумладан сарой, собор ва монастирлар биноларида шу санъатиинг таъсири ва белгилари мавжуд.
Барокко мусиқада асосан мусиқали театр турларида (айниқса опера жанрида), шунингдек чолғу камер (concert» grosso, соната) ва орган асарларида на-моён булди. Барокконинг энг ёрқин намояндалари Г. Гендель, Ж. Габриели, О. Фрескобальди, К. Монтеверде, Д. Букстехуде, И. Бах ва б. Б. услуби билан бир пайтда классицизм услуби ҳам ривож топди.
Неъмат Абдуллаев.