БАРОҚ

БАРОҚ, Буроқ, Бароқ ўғлон (? — 1428) — дашти қипчоқлик ҳукмдор (1423—28). Ўрусхоннинг набираси. Бароқ 1419 й. май ойида тахт учун курашда кўмак истаб Самарқандга Улугбек ҳузурига келган. Улуғбек унга ҳарбий ёрдам беради ва шу йилнинг авг. охирида ўзи ҳам катта қўшин билан сафарга чиқиб, 5 сент. да Чиноз ёнида Сирдарёдан кечиб ўтади. Душман (Туға Темур авлоди Муҳаммадхон) жанг қилмасдан тарқаб кетган, шунинг учун Улуғбек 22 окт. да Самарқандга қайтиб келган. Бароқ бир мунча вақтдан сўнг (1423 й.) Муҳаммадхоннинг ўрдасини, 1425 й. бошида эса узилкесил тахтни эгаллайди. Мустақил бўлиб олгач, Бароқ билан Улуғбек ораларидаги муносабат бузилади. Бунга сабаб Бароқнинг Сиғноқ атрофидаги ерларни даъво қилиб чиқиши бўлган. Б. Сиғноқ ш. унинг бобоси Ўрусхоннинг қароргоҳи бўлгани ва шаҳарни бобоси обод қилганини даъво қилади. Бунга жавобан Улуғбек 1427 й. баҳорида укаси Муҳаммад Жўқий билан Бароққа қарши отланган. Улуғбек Бароқ томонидан кечирим сўраб, сулҳ таклифи билан юборилган элчини қайтариб юборган. Сиғноқ атрофидаги тепалик ерлардан ҳеч қандай хавфсизлик чора тадбирларини кўрмасдан ўтиб бораётган Улуғбек қўшинига Бароқнинг кам сонли қўшини тўсатдан ҳужум қилиб рақибини пароканда қилиб юборган. Бароқ Самарқанд атрофини талаб орқага қайтган. Улуғбек отаси Шоҳрух юборган Ҳирот қўшини ҳамда Муҳаммад Жўқийнинг мулки — Қандаҳордан келган қўшинларни жамлаб яна Б. қа қарши отланганда, Тошкентгача келган, бироқ Бароқ қўшини дашт ичкарисига чекинган. Сиғноқ ш. Улуғбек қўл остида қолган. Б. Мўғулистонга қилган юришида Султон Маҳмуд ўғлон томонидан ўлдирилган.

Loading...