БАРТОЛЬД Василий Владимирович [1869.3(15).11 – Петербург – 1930.19.8] — шарқшунос. Россия ФАнинг акад. (1913). Петербург ун-ти шарқ тиллари ф-тини тамомлаган (1891). Б. Ўрта Осиёга биринчи марта 1893 й. да келган. Кейинчалик бир неча бор Тошкентда бўлган. Тошкентдаги Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги ташкилотчиларидан бири. У ФА шарқшунослар коллегиясининг доимий раиси, Туркистон халқ унтининг фахрий аъзоси (1918), Туркшунослик қўмитасининг раҳбари (1928—30). Моддий маданият тарихи Давлат академияси раиси ўринбосари, «Эрон» илмий жур. нинг муҳаррири. Б. Яқин, Ўрта Шарқ, айниқса Ўрта Осиё ва Араб халифалиги, ислом тарихи, туркий халқлар тарихи, филол. ва этнографияси, Афғонистан, Эрон, Закавказье ва қисман Хитой тарихига она асарлар ёзган. Нашр қилинган 685 асаридан 320 таси Ўрта Осиё тарихига бағишланган. Бартольд Шўро Шарқидаги халқларнииг алифбосини арабчадан лотинчага ўтказишда фаол қатнашди. Унинг кўпгина асарлари ўзбек, татар, қирғиз, турк, форс, араб, инглиз, немис ва француз тилларида нашр қилинган. «Ислом энциклопедияси»да 246 мақоласи билан қатнашган. Б. Ўрта Осиё халқлари тарихи, этн. си ва психологиясини чуқур ўрганган олим бўлсада, Туркистон халқи маданиятини объектив ва ҳаққоний баҳолай олмади, маълум даражада уни камситди. Бу унинг «Улуғбек ва унинг даври» асарида аниқ сезилади. Чунки Бартольд чор Россияси мустамлакачилигининг идеологи эди, у европаликларнинг осиёликлардан устунлиги ғоясини олға сурди ва шу устунликни илмий ва мафкуравий жиҳатдан асослашга хизмат қилди.
Ас: Сочинения, т. 1-9, М., 1963 – 1977. Ашраф Аҳмедов.