БАРХАН

БАРХАН (туркийча) — қумли чўл ва чала чўллардаги рельефнинг кўчма қум шакллари. Шамол йўналишига кўндаланг бўлади. Бархан йилига ўрта ҳисобда бир неча см дан юзлаб м гача кўчади. Қизилқум ва Қорақум чўлларининг баъзи жойларида қаттиқ шамол вақтида янги Барханлар пайдо бўлади ёки эскилари жойини ўзгартиради. Барханлар тепадан қараганда кўпинча ёй, ярим ой шаклида бўлади. Шамолга рўпара ён бағирлари қия (5° — 14°), шамолга тескари ён бағирлари тик (30° гача) бўлиши мумкин. Бархан учлари шамол кучига, қумнинг намлиги, таркибига қараб узун ёки қисқа бўлади. Бархан бал. 0,7 м дан 20 м гача, ҳатто мураккаб шакллари 200—300 м ва ундан ҳам баланд бўлади. Шамол ҳаракатига қараб Барханнинг тўпланиши турли шакллар олади: бархан тепалари, бархан занжирлари, бархан пирамидалари ва ҳ. к. Қум кам бўлган қаттиқ ерларда, кўпинча тақирларда якка-якка Барханлар учрайди. Туташ қумларда мураккаб Бархан тизмалари вужудга келади. Бархан тизмалари Амударё соҳилларида, Сандиқли, Канпирак, Қорақум чўлларида, шунингдек Марказий Фарғонадаги Ёзёвон чўлида учрайди. Барханлар нисбатан яхши нам тўплайди ва иҳота қилинадиган бўлса, дарахтзор бўлиб қолиши мумкин. Авваллари Бухоро, Қоракўл воҳаларининг шим. қисмидаги бир қанча унумдор ерлар, қишлоқлар кўчма қум остида қолиб кетар эди, эндиликда саксовул ва б. ўсимликлар экилиб, уз. 125 км, эни 3 — 4 км дарахтзорлар барпо қилинди ва қум кўчиши тўхтатилди. Яна қ. Эол рельеф шакллари.

Loading...