БАСКЕТБОЛ

БАСКЕТБОЛ (инг. basket — сават, ball — тўп) — спорт тури, 3,05 м баланддаги саватли ҳалқага тўпни қўлда ташлаб ўйналадиган жамоа ўйини. Баскетбол машғулоти ва мусобақалари учун тўртбурчак майдонча (ўлчами 26×14 м) ёки зал (бал. 7 м) талаб қилинади. Ҳар бир жамоада 12 нафардан ўйинчи бўлиб, майдонга бир йўла ҳар жамоадан 5 тадан ўйинчи туширилади (бу ўйинчилар алмаштирилиши мумкин). Қайси жамоа рақибининг саватига кўп тўп туширса, ўша ютган ҳисобланади. Уйинда саватга туширилган тўп учун 2 очко, жарима белгиланганда туширилган тўп учун 1 очко, жаримадан ташқаридагиси учун 3 очко берилади. Эркаклар 40 мин., аёллар 36 мин., 15 — 16 яшар ўсмирлар ва қизлар 30 мин., 13 — 14 яшар ўғил ва қиз болалар 24 мин. ўйнашади. Ўйин 2 қисмдан иборат, орада 10 мин. дам олинади. Белгиланган вақтда жамоалар баравар очко олса, бирор жамоа ғолиб чиққунча 5 мин. дан қўшимча вақт берилади. Баскетбол ватани АҚШдир (1891). Халқаро баскетбол федерацияси (ФИБА; 1932 й. тузилган)га 177 мамлакат аъзо (1991). Баскетбол 1936 й. дан Олимпия уйинлари дастурига киритилган. 1950 й. дан Баскетбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиб келинади. Б. Ўзбекистонда 1921 й. дан ўйнала бошлаган. Ўзбекистонлик Р. Салимова 2 марта жаҳон ҳамда олимпия ўйинлари чемпиони бўлган. Баскетбол бўйича Ўзбекистон республика федераиияси олий лига жамоалари ўртасида мусобақалар ташкил этиб келмоқда. Олий лигада Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилояти, Чирчиқ ш. ҳамда Сирдарё ва Навоий вилояти баскетболчилари мусобақалашади. Ўзбекистон терма жамоаси 1997 й. II Марказий Осиё ўйинлари — «Спрайт челленже» халқаро турнирининг ғолиби бўлди (терма жамоа бош устози А. Адисман, жамоа аъзолари 3. Хабибулин, М. Ша-фенков, Р. Каримов, С. Демурин, Б. Миродилов, Т. Аббосов, В. Петришчев).

Loading...