
БАСРА
БАСРА (араб. Бассора) — Ироқнинг жан.-шарқидаги шаҳар, Басра ливи (вилояти)нинг маъмурий маркази. Форс қўлтиғидан 90 км ичкарида, Ироқнинг Шатт ул-Араб дарёси соҳилидаги энг катта порти, соҳил бўйлаб 27 км га чўзилган. Аҳолиси 617 минг киши (1985). Шаҳар 637 ёки 638 й. да халифа Умар даврида (634 — 644) қурилган. 8—9-а. ларда халифаликнинг маданий ва иқтисодий маркази бўлган. Шаҳар 10-а. да бариди феодаллари, бувайҳийлар (947), 11-а. дан салжуқийлар ҳукмронлигида бўлган. 1258 й. мўғуллар қўлига ўтди, 1534 й. да Усмонлилар салтанатига қўшиб олинди. 1914 й. нояб. да Англия қўшинлари Басрани босиб олди. 1-жаҳон уруши даврида Британияга қарам бўлган Ироқ давлати таркибида бўлди.
Мамлакат ташқи савдо муомаласининг деярли ҳаммаси Басра орқали бўлади. Басра муҳим т. й. ва автомобиль йўллари тугуни. Халқаро аэропорт ва электростанция бор. Мамлакатнинг нефть қазиб олиш ва қайта ишлаш маркази. Кимё, тўқимачилик, целлюлоза-қоғоз, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Ҳунармандчилик ривожланган. Хурмо қуритиш ва уни четга чиқариш билан машҳур. Канал ва кўприклари кўплигидан Басрани «Шарқ Венецияси» деб ҳам атайдилар. Ун-т бор. Қад. Басра харобалари сақланган.