БАСТАКОР (форс — боғлаш, боғлов, машғулот, иш) — анъанавий, мумтоз мусиқа асарлари муаллифи. Мусулмон Шарқида мусанниф, муллаҳҳин, оҳангсоз каби атамалар билан танилган. Одатда бундай санъаткорлар ўз фаолиятида ижрочи (хонанда, кўпроқ созанда)лик ва ижодчиликни узвий боғлашган. Абу Наср Форобийдан бошлаб Дарвишали Чангий ва б. нинг мусиқий рисолалари, Абулфараж Исфаҳоний («Китоб улағони»), Арузий Самарқандий («Чоҳор мақола»), Алишер Навоий («Мажолис уннафоис», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад»), Давлатшоҳ Самарқандий («Тазкират уш-шуаро»), Зайниддин Восифий («Бадоеъ ул-вақоеъ»), Заҳириддин Бобур («Бобурнома») ва б. нинг асарларида ўнлаб Бастакорлар ҳақида тарихий таърифий маълумотлар мавжуд. Улар, гарчанд Бастакор атамасидан бевосита фойдаланишмасада, унинг асл маъносини очиб беришган. Оғзаки анъанадаги мусиқий ижод соҳиблари турли давр ва мамлакатлар мусиқа илми ва амалиётида турлича номланиб келинган. Ўзбек ва тожиклар Б. (шунингдек, оҳангдон, навосоз ва б.), озарбайжон, арман ва турклар — ошиқ, қозоқ ва қирғизлар — оқин, кюйши, салсерэ каби атамалар ишлатишади. Т. Жалилов, Ю. Ражабий, Ф. Содиқов, Н. Ҳасанов, И. Икромов, К. Жабборов, С. Капонов, F. Тошматов, М. Мирзаев, О. Ҳотамов, Ф. Мамадалиев, А. Исмоилов каби Бастакорлар танилган. Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонда кўп овозли мусиқа асарлари муаллифи — композитор ҳам баъзан Бастакор деб юритилади. Яна қ. Бастакорлик.