БАСТАКОРЛИК

БАСТАКОРЛИК — Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида анъанавий, мумтоз мусиқа услуби заминида юзага келган бадиий анъана, ижодий касб тури, мусиқа ижодчилиги. Қуйидаги ижод шохобчаларини ўз ичига олади: 1) халқ орасида танилган муайян куй ёки ашула йўлининг ўзгача мустақил кўриниши (қайта оҳангга ва усулга солиб, муаллифлаштирилган намунаси)ни яратиш. Мас, Рост мақомининг «Ушшоқ» шўъбалари асосида яратилган «Ушшоқи Ҳожи» ёки «Самарқанд Ушшоғи I—II» (Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов), «Тошкент Ушшоғи I — И» (Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов), «Ушшоқи Содирхон» (Содирхон Бобошарифов) каби асарлар; 2) маълум чолғу куйларнинг — ашула, ашула йўлларининг — чолғу вариантларини яратиш (И. Икромов ашулалаштирган «Муножот», «Чўли Ироқ» сингари); 3) бир неча куй, қўшиқ ёки ашулаларни умумлаштириб бир асар яратиш (Ҳ. А Абдурасуловнинг Б«озургоний», «Бебокча» асарлари каби); 4) мустақил асарлар (ўтмишда асосан куй, қўшиқ ва ашула йўллари, ҳоз. даврда бошқа жанрларда ҳам) ижод этиш.

Ўрта Осиёда Бастакорлик тарихи қадимдан бошланади. Истеъдодли хонанда, созанда ва замонавий маънодаги бастакорлар Борбад Марвий (6 — 7-а. лар), Абдураҳмон ибн Сурайж (? —743), Абдуҳафз Сўғдий (? — 832) ва б. Яқин ва Ўрта Шарқнинг деярли барча мамлакатларида танилган. Абу Наср Форобий ва Абу Али ибн Сино сингари алломалар ҳам Бастакорлик билан бевосита шуғулланишганлиги ҳақида маълумотлар бизгача етиб келган. Бу уларнинг илмий-мусиқий асарлари амалиёт билан узвий боғланишига асос бўлган. Ўзбек халқи орасида Бастакорлик айниқса Амир Темур ва темурийлар, хусусан, Бобур ҳамда бобурийлар даврида мукаммаллашиб, илмий ва бадиий адабиётда атрофлича ўз тарихи ва таърифини топган. Бастакорлик анъанавий ижрочи (хонанда, айниқса созанда)ликдан туртки олиб, мақом ижодчилигига катта таъсир кўрсатди. Дастлаб (13-а.) ўн икки мақом, сўнгра (16 — 18-а. лар) унинг заминида Шашмақом, Хоразм ва Фарғона — Тошкент мақом туркумлари шаклланишига сабаб бўлди. Мақом туркумлари таркибида ўнлаб чолғу («Сақили Ислимхон», «Сақили Ашкулло», «Мураббаи Комил», «Сақили Ниёзжонхўжа» каби) ва ашула («Самандарий», «Каримқулбеги» сингари) йўллари юзага келди. Бастакорлик санъати, айниқса, 15 — 16-а. ларда оммавийлашган: қатор шоир, олим ва б. айни пайтда бастакор ҳам бўлган. Абдураҳмон Жомий «Имома» нақши (ёки «Нақши Мулло»)ни, А. Навоий бир қанча нақш ва пешравлар, Бобур «Чоргоҳ савти» йўлларидаги асарини ижод этган. Бу даврга келиб Бастакорликнинг асосий жанр ва шакллари, услуб ва усулларининг ривожи ўз қиёмига етди. Манбаларда, айниқса Дарвишали Чангий (16 — 17-а. лар)нинг мусиқага доир рисолаларида (юқоридагилардан ташқари) амал, қавл, савт, чорзарб ҳамда жир, кор, тарона кўринишларидаги ўнлаб асарларнинг таърифи келтирилган, буларнинг ҳар бирида ижод қилган кўплаб бастакорларнинг номлари айтиб ўтилган. Самарқанд, Бухоро, Ҳирот, Тошкент, Хўжанд, Қўқон, Хива каби шаҳарларда хонандалик, аксариятида созандалик б-н бирга ўзига хос Бастакорлик мактаблари юзага келган. Мазкур ижодий мактабларнинг етук намояндалари ўз асарларида маҳаллий фольклор (айниқса, маросим ва лирик мавзудаги қўшиқлар), мақом, катта ашула ижрочилиги ва ижодкорлигига хос хусусиятларни сингдиришга ин-тилганлар. Бастакорлик ижоди ривожининг кейинги босқичларидан 19-а. нинг 2-ярми — 20-а. бошланиш даври диқкатга сазовор. Мазкур босқичда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов (1852 — 1936) каби анъанавий услубда ижод этган бастакорлар билан ёнма-ён Ҳамза ҳам ўзининг қўшиқларини яратди. Бу қўшиқларда шоир ўзбек мусиқа мероси табиати, оҳанг ва усулларини халқаро, қатор шарқ халқлари (озарбайжон, татар ва б.)нинг мусиқа фольклори хусусиятлари билан узвий боғлади, марш, вальс каби жанрлардан кенг фойдаланди. 20-а. бошларида ўзбек бастакорлари Т. Жалилов («Довруқ»), Ю. Ражабий («Ҳаммамиз», «Чаманзор» қўшиқлари) асарлари ўзбек Бастакорлик ижодининг бир-бирига уланиб кетишида ижобий роль ўйнади. 20 — 30-й. ларда таниқли созандалар — чангчи М. Харратов, танбурчи А. Умаров, хонанда К. Отаниёзов, ғижжакчи М. Ниёзовлар ҳам давр руҳини тўлақонли ифодаловчи куй ва қўшиқлар яратишди. Асрнинг 2-чорагидан бастакорларимизнинг Ўзбекистон мусиқа маданиятига қўшган ҳиссалари ниҳоятда унумли бўлди. Хусусан 30 — 40-й. лардан ўзбек мусиқали драмаси ва комедияси шаклланишида, 50-й. ларда опера ривожида Т. Жалилов ва Ю. Ражабийлар ҳиссаси катта. 20-а. Ўзбек қўшиғи тараққиёти К. Жабборов, Ф. Содиқов, И. Икромов, Н. Ҳасанов, С. Калонов, М. Мирзаев, F. Тошматов, сўнгги йилларда Ф. Мамадалиев, А. Исмоилов, Ў. Расулов, А. Дадаев каби бастакорлар ижодида шакл топди. Бастакорлик санъати аста-секин мусиқа таълими тизимига киритилмоқда, атоқли бастакорлар асарлари нашр этилиб, булар ижроси буйича махсус кўрик-танловлар ўтказилмоқда, айримларининг ижодига оид илк тадқиқотлар яратилмоқда. Баъзан, асосан кўп овозли мусиқа соҳасида ижод қилган композитор (Дони Зокиров, Сайфи Жалил, Дадаали Соатқулов каби) лар ҳам айнан Бастакорлик услубларида куй ва қўшиқлар яратишган.

Ад: Гафурбеков Т., Творческие ресурсы национальной монодии и их преломление в узбекской советской музыке, Т., 1987; Мусиқа ижодиёти масалалари, Т., 1997.

Тухтасин Ғафурбеков.