БАСТАРДО — Португалиядан келтирилган винобоп узум нави. Тупи ўртача, баъзан заифроқ ўсади. Узум боши цилиндр конуссимон шаклда, кичик (бўйи 8 — 12 см, эни 6 — 8 см), тиғиз, банди қисқа, вазни 90 — 120 г. Ғужуми майда (8 — 12 мм), думалоқ, қора, сершира, пусти пишиқ. Фаол ҳарорат йиғиндиси 2900 — 3100° бўлганда 145 — 150 кунда пишади. Сент. нинг 2-ярмида етилади, таркибидаги қанд 28 — 32% га етади. Ҳосиддорлиги 100 — 120 ц/ га. Совуққа чидами ўртача. Касаллик ва зараркунандаларга чидами паст. Новдалари ўртача узунликда кесилиб, камроқ қолдирилади. Бастардо билан Саперави навини чатиштириб чиқарилган Магарач бастардоси нави (И. В. Папанов) кўпроқ экилади (қ. Ток.).