БАЙҲАҚИЙ

БАЙҲАҚИЙ Заҳириддин Абулҳасан Али ибн Зайд (1106, Сабзавор — 1174) — олим, табиб ва шоир. 1142 — 54 й. ларда Нишопурнинг бир неча масжидларида мударрислик қилган. Чуқур билими ва юксак инсоний фазилатлари туфайли халқ ҳурматини қозонган. Байҳақий араб ва форс тилида 70 дан ортиқ асар ёзган бўлиб, улардан энг машҳурлари — «Китоб ал-аруз» («Аруз китоби»), «Китоб азҳор ашжор ал-ашъор» («Шеърият дарахтлари гуллари ҳақида китоб»), «Китоб атьимат ал-марзо» («Хасталар таоми ҳақида китоб»), «Китоб асомий ал-адвия ва хавосиҳо ва манофиъиҳо» («Доридармонлар номи, хусусияти ва фойдалари ҳақида китоб»), «Китоб фил-ҳисоб» («Ҳисоб ҳақида китоб»), «Машориб аттажориб» («Тажрибалар манбаи»), «Тарихи Байҳақ» («Байҳақ вилояти тарихи»), «Татимма «Сивон алҳикма» («Ҳикмат жавони»ни тўлдирувчи китоб»), «Жавомиъ аҳком ан-нужум» («Юлдузлар ҳаракати қонуниятлари») ва б. Булардан «Татимма «Сивон алҳикма» Ассижистонийнинг С«ивон ал-ҳикма» («Ҳикмат жавони») номли асарини тўлдирувчи бир китоб бўлиб, ўрта асрларда ислом оламида машҳур энциклопедик асарлар сирасига киради. Унда 10 — 12-а. ларда Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Марказий Осиёда яшаб ижод этган 111 йирик алломанинг таржимаи ҳоли б-н бир қаторда тарихий, жўғрофий ва этнографик маълумотлар ҳам мавжуд. «Татимма «Сивон ал-ҳикма», «Тарихи Байҳақ» ва «Жавомиъ аҳком ан-нужум» асарларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади.

Loading...