БАЁЗ

БАЁЗ (араб. — оқ, оқлик) — шеърлар тўплами. Баёзлар икки ва ундан ортиқ шоирлар шеърларидан тузилади. Илк Баёзлар, асосан, машҳур шоирларнинг ғазалларидан тузилган, кейинчалик бунга риоя қилинмаган. Баёзлар деярли лирик жанрдаги асарлардан ташкил топади, унга насрий парчалар айрим ҳоллардагина киритилади. Баёзлар бирор ғоя ёки маълум давр дунёқарашини тарғиб қилмайди, умуман сайлаб олинган асарларда даврийлик ҳам бўлмайди, улар қатъий боб ва бўлимга ажратилмайди, муаллифлар ижоди шарҳланмайди. Кимнинг шеъридан қанча киритиш тузувчи хоҳишига боғлиқ. Баёзлар сарбаёз (сўз боши), лирик шеърлар (асосий қисм), хотима ва иловадан ташкил топади. Айрим Баёз ларда шеърлари келтирилган шоирлар номи мундарижа сифатида берилади. Баъзан Баёз ларга халқ оғзаки ижоди намуналари: ўлан, латифа, мутойиба, мақол, мусиқий асарлар (Бухоро шашмақоми, Хоразм мақомлари, ФарғонаТошкент мақом йўллари, ашула ва катта ашулалар) ҳам киритилади. Илк Баёзлар араб шеърияти ривожланган давр (750 — 1О55)да юзага келган (қ. Таммом, Саолибий). Туркистонда баёзчилик 10 — 15-а. лар шеърияти таъсирида вужудга келади. 18 — 19-а. ларга келиб улар мундарижа ва мазмун жиҳатдан анча бойиди. Айниқса, Бедил ижодиёти таъсирида Баёз тузиш анъанавий тус олди. Расмий ва норасмий Баёзлар бор. Расмий Баёз махсус котиб, наққош, саҳҳоф томонидан буюртмага ёки муайян шахс талабига мос тарзда тузилади. Норасмий Баёзда безак ва матнларнинг жойлашишида муайян тартиб бўлмайди. Бундайлари ўз навбатида яна иккига бўлинади: а) шоир ёки котиб ўзига маъқул шоирларнинг асарларидан танлаб тузади; б) тузувчининг ўз шеърий тўпламига бошқа шоирлар асарларидан намуналар киритилади (мас, «Баёзи Мирий», «Баёзи Розий», «Баёзи Нодим», «Баёзи Камий» ва б.).

Адабий тараққиёт жараёнида Баёзлар адабиёт намунасигина бўлиб қолмай, ҳақиқий санъат асарига ҳам айланди, ўзига хос мактаблар пайдо бўлди. Фарғона, Бухоро, Хоразм, Тошкент мактабларига мансуб Баёзлар асосан икки тилда — ўзбек ва форс тилларида тузилган. 19-а. охири — 20-а. бошларида Муҳаммад Раҳимхон Соний (Феруз) ташаббуси билан расмий Баёзлар тузиш ривож топди, юзлаб нақшдор Баёзлар тузилди ва ноёбларидан нусхалар кўчирилди. 19-а. охирларида Туркистонда матбаа ишларининг ривожланиши билан қўлёзма Б. лар тузиш давом этгани ҳолда, Тошкент ва Хивада тошбосма Баёзлар чоп этиш йўлга қўйилди. Баёз Туркистон халқлари адабиёти тарихини ва девон тузмаган шоирлар ижодини ўрганишда муҳим манбадир.

Ад.: Ҳамидова М., Қўлёзма баёзлар — адабий манба, Т., 1981.

Loading...