БАЗАЛЬТ

БАЗАЛЬТ (лот. basaltes, юн. basanos — синов тоши) — магматик тоғ жинси. Ранги бўз ва қорамтир. С. оғ. 2,5 — 3. Таркиби асосан плагиоклаз (лабрадор) дан иборат; шунингдек пироксенлар, оливин ҳамда магнетит, титанит, апатит ва ҳ. к. ҳам бўлади. Кимёвий таркиби унинг чуқурликдаги аналоги бўлган габброга яқин. Вулкан шишаси донадор кристаллар оралиқларини тўлдириб туради. Тўла кристалланган Базальтлар долерит дейилади. Базальтнинг океан тубида пайдо бўлган, темир ва магнийга бой тури океанит, тектоник ёриқлардан қурукликка оқиб чиқиб қотиб қолган тури эса платобазальт дейилади. Базальт океан туби ва қуруқликда жуда катта майдонни эгаллаган. Ҳоз. вулканлардан ҳам базальтли лавалар оқиб чиқади. Таркибида қайси минерал борлигига қараб анальцимли Базальт, лейцитли Базальт, нефелинли Базальт, магнетитли Базальт, гаюинли Базальт, апатитли Базальт ва ҳ. к. деб аталади. Базальт кислотага чидамли кимёвий асбоблар, қувурлар, электроизоляторлар ясашда, тошдан қуйма буюмлар и. ч. да ҳамда қурилишда қоплама безак материаллари сифатида ишлатилади. Яхши силлиқланиши туфайли жуда қадимдан ҳайкалтарошликда Миср, Ассурия, Рим, Византия, Арманистон ва б. жойларда қўлланилиб келинган. Камчатка, Забайкалье, Арманистон, Украинада ва Ўзбекистоннинг Қурама, Туркистон, Томди тоғлари (палеозой қатламлари)да бор (яна қ. Магматик тог жинслари).

Loading...