БАЗИДИОМИЦЕТЛАР

БАЗИДИОМИЦЕТЛАР, базидияли замбуруғлар (Basidiomycetes) — юксак замбуруғлар синфи, жинсий жараёнда махсус жинсий кўпайиш органлари — базидиялар ҳосил қилиш хусусиятига эга. Мицелийдаги мевали танаси (катталиги бир неча мм дан 1,5 м гача) ҳар хил шаклда. Мицелий тўсиқларининг ўзига хос мураккаб тузилиши ва мицелийида ярим ҳалқасимон ҳаракатлар бўлиши б-н бошқа замбуруғлардан фарқ қилади. Ҳужайраларнинг бўлиниши туфайли ярим ҳалқадан ҳосил бўладиган ҳужайраларга қизлик ядролар ўтади. Кўпчилик Базидиомицетлар гетераталлик хусусиятига эга. Уларга 3 кенжа синф ва 18 тартиб, шу жумладан афиллофорлар (кўпчилик истеъмол қилинадиган ва заҳарли замбуруғлар), гастеромицетлар, қоракуя, занг замбуруғлари ва б. киради. 30 мингдан ортиқ тури маълум. Жуда кенг тарқалган. Кўпчилик турлари (қўзиқорин, шампиньон, оқ замбуруғ ва б.) истеъмол қилинади, баъзилари (мухомор, оқ поганка) заҳарли. Кўпгина Базидиомицетлар сапротроф ва ўсимликларнинг факультатив паразитлари ҳисобланади. Базидиомицетлар ўсимлик қолдиқларини парчалашда иштирок этади, ўсимликларда касаллик келтириб чиқаради. Бир қанча турлари дарахтлар билан микориза ҳосил қилади. Айрим турлари антибиотиклар ишлаб чиқаради. Дарахт танасида учрайдиган пўкак замбуруғи дарахтни чиритади.

Prev Article

БАЁТ

Next Article

БАЗИС АСБОБ