БЕКОБОД ШАМОЛИ

БЕКОБОД ШАМОЛИТуркистон ўлкасидаги кучли шамоллар. Фарғона водийсининг ғарб томонидаги (эни 9 — 40 км, уз. 70 — 75 км ли) Фарғона йўлаги (Хўжанд йўлаги) орқали эсади. Водийдан Сирдарё вилояти томон эсадиган шарқий ва жан. шарқий шамол Б. ш. ёки «Ховос шамоли», Фарғона водийси томон эсадиган шамол эса «Қўқон шамоли» дейилади. Фарғона водийси шим. шарқ ва жан. дан баланд 3000’ — 5000 м тоғлар б-н ўралгани учун водийнинг ҳавоси бошқа жойларникидан фарқ қилади. Шим. дан келадиган арктика совуқ ҳаво оқими Сирдарё вилоятидаги Далварзин чўли ҳудудларига келганда паст босимли (970 мб) илиқ ҳаво билан тўқнашади. Бу вақтда Фарғона водийсидаги баланд босимли (985 мб) совуқ ҳаво ғарбга йўналади ва Фарғона йўлагидан қисилиб чиқиб, Ховос томон катта куч билан эсади. Арктикадан келган совуқ ҳаво Фарғона водийсига кириб борганда Қўқон шамоли ҳосил бўлади. Ёзда водийдаги иссиқ ҳаво юқорига кўтарилади, унинг ўрнига Сирдарё вилояти ва Далварзин чўли ҳудудларидаги ҳаво йўлак орқали водий ичкарисига кириб боради. Бир йилда ўртача 52 кун шундай кучли шамол эсади, кўпинча нояб. да бошланиб мартда тугайди. Шамолнинг тезлиги 15 — 20 м/сек, баъзан 45 м/сек. Бекобод шамоли 2 кундан 5 кунгача давом этади ва қ. х. га катта зарар етказади. Бекобод шамоли ариқ ва каналларни қумга кўмиб, автомашина, вагон, дарахтларни йиқитган, телефон ва телеграф устунларини ағдариб ташлаган пайтлар ҳам бўлган. Шамол кучли эсганда чангтўзон кўтарилади. Иморатлар устидаги шифер ва тунукалар кўчиб кетади, дераза ойналари синади. Бекобод шамолидан Сирдарё вилояти ҳамда Фарғона водийси — Қўқрн атрофидаги экинлар зарар кўради. Айниқса баҳорда ғўзаларни нобуд қиладк. Тупроқнинг унумдор устки кисмини шамол олиб кетишидан ерлар яхши унум бермайдиган бўлиб қолади. Бекобод шамоли кучини камайтириш учун далалар 100 — 120 м энликда карталарга бўлинади, кейин 5 — 10 м жой қолдириб иҳота дарахтлари экилади. Дарахтлар шамолнинг кучини кесади, тупроқ намининг буғланиб кетишини ва ўсимликлар орқали сувнинг буғланишини камайтиради, ерга яқин қатламда ҳавонинг нисбий намлигини оширади.

Loading...