БЕЛАЯ ВЕЖА ПУШЧАСИ

БЕЛАЯ ВЕЖА ПУШЧАСИ, Белая Вежа ўрмони — Буг, Неман ва Припять дарёлари сувайирғичлари ҳудудидаги йирик ўрмон массиви. Белоруссия б-н Польша чегараларида жойлашган. Умумий майд. 150 минг га (жумладан Белоруссиянинг Гродно ва Брест вилоятлари ҳудудида 87,6 минг га). Белая Вежа Пушчасининг шарқий қисми (Белоруссия ҳудуди)да 1939 й. да давлат қўриқхонаси ташкил этилиб (умумий майд. 87,6 минг га), 1957 й. дан овчиликқўриқхона хўжалигига айлантирилган, 1991 й. дан Белоруссия миллий боғи. Белая Вежа Пушчасининг 81,5% ҳудуди асрлар давомида кесилмаган қайин, дуб, қарағай, арча ва б. дан иборат ўрмон. Белая Вежа Пушчаси 13-а. дан Польша қиролларининг ов қўриқхонасига айлантирилган. 14-а. да зубрларни овлаш чегараланган, 1802 й. дан бутунлай тақиқланган. 1-жаҳон уруши йилларида зубрларнинг ҳаммаси қириб юборилган. 1929 й. да Германия ва Швециядан 8 зубр келтирилиб, питомник ташкил этилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин олимларнинг саъйҳаракатлари б-н зоти тоза зубрлар популяцияси қайта тикланди. Белая Вежа Пушчаси ўзининг зубрлари билан жаҳонга машҳур. Белая Вежа Пушчасида 55 дан кўп турдаги ҳайвонлар (буғу, чўчқа, олмахон, тулки, қундуз ва б.), 212 турдаги қушлар (каптар, қора лайлак, каркур ва б.) бор. 900 турдаги ўсимликлар (жумладан 109 турдаги кам учрайдиган ва 21 турдаги йўқолиб бораётган ўсимликлар) муҳофаза қилинади. Белая Вежа Пушчасида ёввойи ҳайвонлар экологияси ўрганилади, улардан самарали фойдаланиш билан бирга ҳайвонлар ва фойдали ўсимликларни муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ишлари амалга оширилади. Овчилик қўриқхона хўжалигида «Белая Вежа Пушчаси» табиат музейи ташкил этилган. Белая Вежа Пушчасининг ғарбий қисми (Польша ҳудуди)да 1947 й. Беловеж халқ боғи қўриқхонаси барпо этилган (умумий майд. салкам 58 минг га; табиат музейи ҳам бор). Белая Вежа Пушчасида 1991 й. 8 дек. да собиқ «Қизил империя» — СССРнинг парчаланганлиги қайд қилинди.

Ўлмас Собиров.