БЕРНИНИ

БЕРНИНИ Жованни (Жан) Лоренцо (1598.8.12, Неаполь1680.12.11, Рим) — италиялик меъмор ва ҳайкалтарош, барокко услубининг йирик вакили. Бернини яратган меъморий обидалар ўзининг кенг фазовий маконни эгаллаши, дабдабали ва сербезаклиги, перспектива имкониятларидан эркин ва дадил фойдаланилгаии ҳамда санъатлар уйғунлигининг яхлитлиги б-н ажралиб туради (Римдаги Сант Андреа аль Квиринале черкови, 1653— 58; Авлиё Пётр майдони мажмуаси, 1657—63). Булар Римнинг меъморий қиёфасини шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Ўз ижодида меъморлик ва ҳайкалтарошликни ўзаро уйғунлигига интилди, шу мақсадда турли хом ашё, ранг бериш, нур имкониятларидан унумли фойдалана олди (Авлиё Пётр собори ички безаклари ва ундаги Авлиё Пётр минбари, 1657—66), ҳайкалтарошликда мармарга ишлов бериб, силлиқлаб яратилган асар таъсирчанлигини оширишга муяссар бўлди, натурага жуда ўхшашини таъминлаб, одам терисига хос майинлик ва ялтироқлик, матоларнинг ўзига хос сифатини ниҳоятда усталик б-н кўрсата олди. Бернини ижодида барокко дабдабали портретининг ўзига хос тури шаклланди, у ҳаққонийлиги, ўткир руҳий ҳолати ва безакларга бойлиги б-н ажралиб туради («Людовик XIV», мармар, 1665). Бернини ижоди 17—18-а. лар Европа санъатига катта таъсир кўрсатди.

Loading...