БИБИХОНИМ ЖОМЕ МАСЖИДИ

БИБИХОНИМ ЖОМЕ МАСЖИДИ — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (1399—1404). Амир Темурнинг катта хотини Бибихоним (асли Сароймулк хоним) номи билан боғлиқ. Амир Темур фармони билан қурилган. Масжидни курган уста ва меъморларнинг номлари номаълум. Масжид ҳовлисининг саҳни 63,8×76,0 м бўлиб, тўрт томондан равоқ ва пештоклар билан ўралган. Унинг умумий саҳни 167×109 м, бурчакларида баланд миноралар бўлган. Зилзилалар таъсирида астасекин емирилиб вайрон бўлган, фақат шим. ғарбий миноранинг пастки қисмигина сақланиб қолган, бал. 18,2 м. Пойдевори харсанг тошдан, деворлари пишиқ ғиштдан ишланган (қалинлиги 4,5 м).

Масжиднинг бир-бири билан боғланган 6 та меъморий бўлаклари сақланиб қолган. Булар ҳовлининг тўрида меҳробли ва баланд пештоқли бино, икки ёнида унинг кичик нусхаси, пойида масжиднинг иккига бўлинган пештоқи ва шим. ғарб томонда минорадир. Илгари бу бўлаклар 3 қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли бостирмаайвонлар билан бирлашган ва улар тепасида гумбазчалар (400 та) бўлган. Устунлар 480 та (оралиғи 3,5 м) бўлиб, тагкурсили, танаси ўйма нақш, тепаси калла муқарнаслар билан безалган (улар тупроқ остига кумилиб кетган, археологик қидирув ишлари натижасида устунлар, тагкурсилар ва майда косачалардан иборат муқарнасли устун қоши топилган). Ҳовлининг ҳар икки ёнида ташқи дарвозага эга булган туртта пештокли дарвозахонаси бор. Масжиднинг ҳовли саҳнига мармар тоштахтачалар ётқизилган. Ҳовли ўртасида мармар тошдан ясалган улкан лавҳ (Қуръон ўқиладиган махсус курси) булиб, у дастлаб асосий бино ичида турган (1875 й. да катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган). Атрофига нафис ҳошиялар чизилган, муқарнаслар, ўсимликсимон накшлар ва ёзувлар билан безалган лавҳ Амир Темурнинг набираси Улуғбек фармонига биноан 15-а. урталарида ясалган. Унга «Султони азим, олий ҳимматли хоқон, диндиёнат ҳомийси, Ханафия мазҳабинингпосбони, аслзода султон, ибни султон, амири мўъминин Улуғбек Кўрагон», деб битилган.

Масжидга кираверишдаги пештоқнинг юқори қисми 1897 й. ги зилзила пайтида қулаган (қолган қисмининг бал. 33 м, кенглиги 46 м). Пештоқ маҳобатли бўлиб, ўртасида кенглиги 18,8 м ли равоқ бор. Ён томонларидаги миноралар пештоқдан баланд. Пештоқнинг ички томонида кичикроқ (иккинчи) равоқ ўрнашган. Унда ўйма мармар ҳошияли дарвоза бўлган. Унинг устидаги лавҳада масжиднинг қурилган йили ва Амир Темур шажараси ёзилган (1897 й. ги зилзилада катта пештоқ равоғи қулаб тушган). Қўш табақали дарвоза етти хил металл қотишмаси — «ҳафти жуш»дан ясалган (кейинчалик йўқолиб кетган). Пештоқнинг ён қанотларида иккита айланма зина бўлган. Зинадан юқорига—кунгура равоқли майдончага чиқилиб, ундан минорага ўтилган. Пештоқнинг кенг юзаси жилвали кошинлар, рангбаранг, қалқон шаклидаги нақшлар билан безатилган (ҳозир пештоқнинг кошинлари тушиб кетган. Пештоқнинг сақланиб қолган қисми ёрилиб, девордан ажралиб қолган). Масжиднинг асосий (меҳробли) биноси Амир Темур замонасининг меъморий услублари ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Шарафиддин Али Яздийнинг «Агар осмон гумбази бўлмаганда масжид гумбази оламда ягона бўлар эди», деган муболағаси бежиз эмас. Асосий бинонинг олд томонида пештоқ, марказида равоқ ва бурчакларида иккита кўп қиррали минора бор. Пештоқ орқасидаги хона оддий, аммо салобатли ҳандасий шакллар йиғиндиси (кубсимон призма, хонанинг саккиз қиррали қисми устига тушган пойгумбаз ва гумбаз)дан иборат. Кубсимон призма бинонинг асосий ҳажми бўлиб, томонлари 14,6 м га тенг. Унинг устида хона деворлари бўйлаб ўтувчи равоқлардан иборат 8 қиррали призма бор. Гумбазнинг доирали асосига пойгумбаз туташтирилган. Пойгумбаз сиртига Қуръон оятлари битилиб, усти феруза кошинлар билан пардозланган гумбаз билан беркитилган (қолдиғи кўриниб турибди). Унинг кириш томонлари ҳам бош пештоқ каби рангбаранг кошинлар б-н қопланган, сопол ғиштчалар ётиқ, сирланган рангли ғиштчалар тик терилган. Асосий нақш шакллари тиниқ, ложувард ғиштчалардан терилиб, уларнинг оралиғи зангори ғиштчалар, оқ тошлар билан тулдирилган. Оддий ҳандасий шакллар ва печак каби чирмашиб кетган ёзувлар бино безагининг таркибий қисмини ташкил этади. Меҳробли бинонинг баланд миноралари сатҳи 4 бурчакли кичик намоёнларга бўлинган. Ҳандасий шакл ва ислимий нақшлар (турли рангларда) намоёнларни безаган. Улар кошинкорлик услубида ишланган. Пештоқ деворининг юзаси кесма кошин б-н қопланган. Кошинкор безакнинг ҳар бир бўлаги, гулларнинг ўзаклари, косачалари, поялари, гунчалари ва барглари махсус заминкошинлар парчасидан алоҳида кесиб олинган, сополчалар оралиқ қоддирмай бир-бирига мое жойлаштирилган. Бу кошинлар (айниқса кўк ранглилари) тиниқ шиша каби ялтираб туради. Масжид ёнидаги икки кичик бино меҳробли хонанинг асосан кичик ҳажмдаги такрори бўлсада, накшларнинг соддалиги ва гумбазнинг кунгирадорлиги билан фарқланади. Масжиднинг ички қисмини пардозлашда наққошлик безаклари қаторида зарҳал бўртма нақшлардан кенг фойдаланилган. Масжиддаги кўп қиррали юлдузлар, 3 қаватли хатлар ўйилган лавҳалар жажжи муқарнаслар билан безалган, ҳошиялар оқ тошдан йўнилган. Тарихнавис Ибн Арабшоҳнинг шаҳодат беришича, Жоме масжиди маҳобатидан ҳайратга келган замондошлари «Обидаларимиз авлодларга бизнинг кимлигимиздан дарак беради», деб ғурур билан жар солишган экан.

1868 й. да подшо Россияси қўшинлари Самарқандни қамал қилганда Бибихоним жоме масжиди тўп ўқидан вайрон бўлган. Вайрона ҳолда бўлса ҳам масжиднинг меъморий шакллари серҳашамлиги, безакларининг нафислиги билан киши диққатини жалб қилиб келган. Ундаги рангбаранг нақшларда ўша давр халқ усталарининг нозик диди ва юксак маҳоратидан дарак беради.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўтмишимизнинг бошқа меъморий ёдгорликлари қатори Бибихоним жоме масжидини тиклашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг А«мир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш» ҳақидаги қарори (1994 й. 29 дек.)га биноан меъморий мажмуада таъмир ишлари олиб борилмоқда.

Ад.: Зоҳидов П., Темур даврининг меъморий қаҳкашони, Т., 1996.

Пўлат Зоҳидов.

Loading...