БИБЛИОГРАФИЯШУНОСЛИК

БИБЛИОГРАФИЯШУНОСЛИКбиблиография назарияси, тарихи, методи ва уни ташкил этиш масалаларини ўрганадиган ва ишлаб чиқадиган фан соҳаси. Библиографияшунослик термини дастлаб 18-а. да Ғарбий Европада пайдо бўлган, 20а. ўрталарига қадар турлича талқин этилган, 20-а. 70-й. ларидан аниқ илмий изоҳга эга бўлди. Библиографияшуносликнинг 4 таркибий бўлими мавжуд: назарияси, тарихи, методи,ташкилий бўлими. Библиографияшунослик назарияси библиография мохияти ва ижтимоий аҳамиятини белгилайди, методларини такомиллаштиради, унинг таснифи ва атамаларини ишлаб чиқади. Библиографияшунослик тарихи библиографиянинг тадрижий ривожини яхлит ҳолда ва унинг алоҳида турлари ва соҳаларини, библиографлар фаолияти ва ҳ. к. ни ўрганади.

Библиографияшунослик методи библиографик ишда қўлланиладиган кридаларни ишлаб чиқади, энг янги метод ва техника воситаларини библиографик қўлланмалар тузиш ва библиография хизмати кўрсатишга татбиқ этади. Библиографияшуносликнинг ташкилий бўлими вазифаси мамлакатда библиография хизмати тизимини яратиш, режалашни такомиллаштириш, мувофиклаштириш, библиограф меҳнатини илмий ташкил этишдан иборат. Ўзбекистонда Библиографияшунослик масалалари дастлаб 20—30-й. ларда Е. К. Бетгер асарларида ўз ифодасини топди. Кейинчалик Библиографияшуносликнинг умумий масалалари, таркибий бўлимлари М. М. Туропов, Ш. М. Шамсиев, Н. П. Ляпустина, Ҳ. Маматраимова ва б. нинг илмий ишларида назарий жиҳатдан ўз аксини топди.

Ҳамрахон Маматраимова.

Next Article

БИБЛИЯ