БИДИЁРШУМ ТЎДАСИ — 18-а. охири — 19-а. нинг 1-ярмида Қўқонда ижод қилган ўзбек профессионал актёрлар уюшмаси («Касабаи созанда»), корфармони — Бидиёршум. Б. т. Худойберди устоз, Рустам ҳофиз, Боймат ҳофиз, Абдураҳмон пари, Аъзамхон қизиқ, Зокир эшон сингари қизиқчи актёрлар, созанда, ҳофиз, раққослардан иборат бўлиб, улар сарой олдидаги майдонда, шаҳар чорсусида ва сайилгоҳларда томоша кўрсатган. Бидиёршум тўдасининг репертуари, асосан, ҳажвия, аския, мусика, ашула ва рақслардан иборат бўлган. Ўзбек актёрлик ҳамда драматик театр санъати эстетикаси, тартиб ва қоидаларини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнаган. Актёрларнинг нутқ талаффузига катта эътибор берилган.
Ад.: Раҳмонов М., Ўзбек театри тарихи, Т., 1968.