БИЛИМ — кишиларнинг табиат ва жамият ҳодисалари ҳақида ҳосил қилган маълумотлари; воқеликнинг инсон тафаккурида акс этиши. Кундалик тасаввуримизда ниманинг нима эканлигига ишонсак ва бу ишончимиз биз одатланган воқеа ва ҳодисаларга (қоидаларга) зид келмаса бундай ишонч Билим ҳисобланади. Воқелик ҳақидаги билган маълумотларимиз Билим даражасига кўтарилиши учун қуйидаги шартларни қаноатлантириши лозим: биринчидан, бу маълумотларнинг воқеликка мутаносиблиги; иккинчидан, етарли даражада ишонарли бўлиши; учинчидан, бу маълумотлар далиллар билан асосланган бўлиши лозим. Учала шарт биргаликда мавжуд маълумотларни Билим даражасига олиб чиқади. Инсон ижтимоий тараққиёт жараёнида билмаслиқдан билишга, мавҳум Билим лардан мукаммал ва аниқ Билимлар ҳосил қилиш томон боради. Кишининг моддий дунё тўғрисидаги Билими нисбийдир, у доимо ривожланиб боради. Билим кундалик тажриба, кузатиш орқали тўпланади. Билимларни тадқиқэтувчи таълимот — эпистемологияда перцептив (ҳиссий), ҳаётий — кундалик (соғлом акл) ва илмий Билим шакллари ажратиб кўрсатилади. Илмий адабиётларда Билим ларнинг илмий ва илмдан ташқари шакллари ҳам фарқ қилинади. Илмдан ташқари Билим ларга маданият, адабиёт, санъат, мифология, дин ва ш. к. соҳаларга оид Билимлар киради. Одатдаги фан соҳаларида тадқиқ этиладиган Билимлар экзотерик (кўзга ташланувчан) Билимлар деб аталса, астрология, ва ш. к. соҳаларга оид Б. лар эзотерик (пинҳоний) Б. лар дейилади. Экзотерик Б. лар илмфан қоидаларига зид келмайдиган бўлса, эзотерик Б. лар бундай қоидаларга зид келиши мумкин.
Бахтиёр Тўраев.