БИЛҚИС

БИЛҚИС — Қуръонда тилга олинган Сабо юртининг подшоҳи (маликаси). Инжилда Савро подшоси сифатида баён этилади. Қуръонда Сулаймон пайғамбарнинг улуғворлигини таърифловчи ҳикоялардан бирида келтирилишича, ҳудҳуд қуши подшога Сабо мамлакатига борганлигини ва у ерда «ҳамма нарса ато этилган» хотин ҳукмронлик қилаётганлигини, аммо бутун халқи билан шайтонга алданиб, Аллоҳга эмас, Қуёшга сиғинаётганлигини айтади. Сулаймон шу қуш орқали маликага мактуб йўллаб, унга бўйсунишни буюради. Билқис ўз яқинлари билан маслаҳатлашиб, Сулаймонга катта ҳадялар юборади. Аммо Сулаймон маликанинг элчилари олдида бу ҳадялардан жирканишини айтиб, Сабо юртига қўшин тортишини эълон қилади. Сўнгра малика Сулаймон ҳузурига ўзи келади. Сулаймон хизматида бўлган сеҳргар ва жинлар кўз очибюмгунча, маликанинг тахтини уни олдига олиб келишади. Маликани саройга киритишганида, сарой сатҳини «сув тўлқинлари сифатида кўради ва оёқларини тўпиғигача очади». Саройнинг қадам босиладиган қисми шаффоф биллурлардан иборатлигини кўради. Аллоҳ ҳамма ишда ёрлақаган Сулаймоннинг бундам улуғворлиги далилларига шоҳид бўлган малика ўзининг гумроҳлигини тан олади ва Аллоҳга имон келтиради (Қуръон, «Намл» сураси, 22 — 45-оятлар).

Билқис ҳақидаги ривоят Ҳабашистон подшолиги достонлари жумласига кирган «Кабра нагаст» афсонасига жуда ўхшашдир. Ундаги маликанинг исми Македа бўлиб, у билан Сулаймон ўртасидаги никоҳдан туғилган фарзанддан Ҳабашистон подшолиги сулоласи бошланади. Гарчи Арабистон я. о. даги Сабо давлатининг тарихий афсонаси тўғрисида ran кетаётган бўлса ҳам, ривоятда Яман воқелигини акс эттирувчи деярли ҳеч нарса йўқ. Бу афсона Арабистонда эмас, эҳтимол Эронда вужудга келганга ўхшайди. Ўрта асрларда Яманда Билқис ҳақидаги қисса жуда кенг ёйилган эди, 12-а. да ҳукмронлик қилган сулайхидлар сулоласидан бўлган асСаййидани тарихчилар Жажжи Билқис деб аташди.

Муҳаммаджон Қодиров.

Loading...