БИОГЕОГРАФИЯ (био… ва география) — тирик организмлар (ўсимлик, ҳайвонлар, замбуруғлар, микроорганизмлар) жамоаси ва улар компонентлари (тур, уруг, оила ва б.)нинг Ер юзида таркалиши қонуниятларини ўрганувчи фан. Б. биосфера ҳақидаги фанлардан бўлиб, унга зоогеография ва ботаник география киради. Биогеографиянинг асосий бўлимлари 18-а. охири ва 19-а. нинг 1-ярмида Экваториал Африка, Жан. Америка ва Осиёнинг флора ҳамда фаунасини тадқиқ қилган кўпданкўп экспедициялар, шунингдек ўша даврнинг натуралистлари, айниқса А. Гумбольдт, А. Уоллес ва Ф. Склетер ишлари туфайли шакллана бошлаган. Ф. Склетер биринчилар каторида қуруқлик юзасини районлаштиради.
Замонавий Биогеография организмлар ва биоценозлар геогр. си муаммоларини ишлаб чиқади. Mac, ареалогик Биогеография ҳар хил турлар тарқалган ҳудудларни аниқлайди, уларнинг ареал чегарасида тарқалишини ўрганади, ана шулар асосида маълумот ва кадастр хариталарини тузади. Регионал Биогеография флористик ва фаунистик районлаштириш билан шуғулланади. Ҳайвонлар ва ўсимликлар ареалларини солиштириш ҳамда биоталарни ажратиш ва асосий биомларнинг тақсимланишини тавсифлаш асосида комплекс биогеографик районлаштириш схемалари яратилади. Экологик Биогеография географик областлардаги жамоалар биомассаси, биологик маҳсулдорлиги ва улар ҳаётида организмларнинг аҳамиятини ўрганади. Тарихий Б. Ернинг ўтмишини жамоалар ва уларни ташкил этувчи организмларнинг таркалишига таъсирини текширади.
Биогеография ўсимлик қоплами ва ҳайвонот дунёси ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда самарали фойдаланиш, маданий фитоценозлар яратиш, ҳайвонлар ва ўсимликларни иқлимлаштириш ишларини амалга ошириш, касаллик туғдирувчилар ва уларни ташувчиларга карши курашнинг назарий асоси ҳисобланади.