БИОКИМЁ

БИОКИМЁ, биологик кимё — тирик организмларнинг кимёвий таркиби ва уларда содир бўладиган кимёвий жараёнлар ҳақидаги фан. Б. ривожлана бориб, 3 асосий тармоққа бўлиниб кетди. Статистик Биокимё (кимёвий топография) организмларнинг кимёвий таркиби ва уларни ташкил этувчи моддаларнинг кимёвий тузилишини; динамик Б. организмҳужайралари ва тўқималари тузилиши ва янгиланиб туриши учун зарур мураккаб органик моддаларнинг синтезланиши (ассимиляция)ни, шунингдек организм фаолияти учун зарур бўлган энергия ҳосил бўлиш жараёнида мураккаб моддаларнинг парчаланиши (диссимиляция)ни ўрганади.

Функционал Биокимё тирик организмнинг айрим органлари ва системалари функционал фаолиятига асос бўладиган кимёвий ўзгаришлар (мас, мускул қисқариши, нерв импульеларининг ўтиши, биологик фаол моддаларни эндокрин системада синтези ва уларнинг таъсири)ни ўрганади. Биокимё физиология б-н чамбарчас боғлиқ. Ҳайвонлар, ўсимликлар ва микроорганизмлар ҳужайраларида бўладиган моддалар алмашинуви жараёнлари бир хил биокимёвий реакцияларга асосланган, лекин ҳар бир тур ва организмнинг ўзига хос морфологик ва физиологик хусусиятлари туфайли бу жараёнлар турлича кечади. Ана шу хусусиятларни ўсимликлар Биокимёси, ҳайвонлар Б. си ва микроблар Б. си ўрганади. Тиббиёт Б. си ёки клиник Биокимё эса касал организмдаги биокимёвий ўзгаришларни текширади, касаллик ташҳисини аниқлайди, тўғри даволашни биокимёвий усуллар билан назорат қилади. Булардан ташқари, техник Биокимё ҳам бор, у биологик материалларни ишлашдаги Биокимё вий жараёнларни, техникада Биокимё вий усуллар ва реакциялар ёрдамида турли маҳсулотлар олишни, биологик препаратлардан фойдаланиш қоидалари ва методларини ўрганади. Биокимё биол. билан кимё оралигидаги фан бўлгани учун шу фанларнинг маълумотлари ва ғояларига асосланади.

Биокимё мустақил фанга айланишда органик кимёнинг 19-а. нинг 2-ярмида тўпланган маълумотлари ва назарий кашфиётларига, ўсимлик ва ҳайвонларнинг кимёвий таркиби ва улардаги ўзгаришларни тадқиқ қилишга асосланди. Хусусан 19-а. нинг 4чорагида ёғлар, нуклеопротеидлар ва оқсилларнинг тузилиши устида Эмиль Фишер, Бутлеров, Коселль, Фридрих Мишер ва б. томонидан олиб борилган тадқиқотлар ҳужайраларнинг таркибий қисмларини ва алмашинув жараёнида уларнинг аҳамиятини аниқлаш имконини берди. 19-а. нинг 2-ярмида Биокимё соҳасида қилинган энг муҳим кашфиётлар Л. Ластернинт бижғиш жараёнини ҳамда ўсимликларда содир бўладиган фотосинтезни ўрганиш билан боғлиқ. Бижғиш жараёнини текшириш асосида Бюхнер ҳаёт жараёнини тезлатувчи ҳужайра катализаторлари—ферментлар (энзимлар) ҳақидаги таълимотни яратди. Овқатга алоқадор баъзи касалликларни текшириш асосида витаминлар ҳақидаги таълимот дунёга келди, моддалар алмашинувини идора қилишда ички секреция безлари ва уларнинг фаол кимёвий маҳсулотлари (гормонлар) аникланди. Варбург, Виланд, А. Н. Бах, Кейлин ва Теорелл тадқиқотлари туфайли ҳужайрадаги оксидланиш жараёни ҳақидаги дастлабки назарйя майдонга келди. БаркрофтВарбургнинг манометрик аппарати, Сведбергнинг ультрацентрифугаси, Тизелиуснинг электрофорез аппарати изотоплар билан нишонланган бирикмаларда моддалар алмашинувини ўрганишда кенг қўлланила бошланди. Қоғоз хроматографияси ва электрофорез усулларининг кимёвий моддалар, айниқса аминокислоталар ва оқсилларни аниқлаш ва ажратиб олиш учун татбиқ этилиши Биокимёнинг жадал ривожланишига сабаб бўлди. Ҳужайрада моддалар алмашинуви жараёни бўйича олинган натижалар Биокимёнинг мустақил фан сифатида ривожланиши ва асосий йўналишларининг шаклланишида айниқса катта аҳамият касб этди. Замонавий Биокимё соҳасида тадқиқртлар Мейергоф ва Хиллнинг мускуллар қисқаришида лактат (сут) кислота ҳосил бўлиши билан кислород ютилиб, иссиқлик ажралиши орасида богланишнинг аникланиши билан боғлиқ. Ҳужайралардаги оксидланиш жараёнларида иштирок этадиган фермент ва кофакторларнинг аникланиши; оксидланиш реакциясида энергияга бой аденозинтрифосфат кислота (АТФ) ҳосил бўлишининг кашф этилиши; ҳужайра метаболизми интеграциясининг асосий йўналишлари, яъни шу метаболизмда марказий ўринлардан бирида турадиган Кребс циклидек мураккаб реакциялар занжирида углеводлар, ёғ кислоталар, аминокислоталарнинг алмашинувидан иборат реакцияларнинг яхлит бир система тарзида юзага чиқишининг аникланиши замонавий Биокимёнинг пойдеворини ташкил қилади. Сўнгги 40—60 й. ичида Биокимёнинг бир қанча соҳаларида ҳам янада муҳимроқ тадқиқотлар қилинди, чунончи биологик макромолекулаларнинг 2 асосий синфи—оқсиллар билан нуклеин кислоталар тузилиши, биологик синтези ва функцияси аниқланди. Оқсиллар ва нуклеин кислота молекулаларининг структураси билан уларнинг биологик функцияси орасидаги боғланишнинг аникланиши биол. фанининг энг ёш тармоғи — молекуляр биол. нинг муҳим ютуғи бўлди. Сўнгги йилларда Ерда ҳаётнинг келиб чиқиши; ҳайвон ва ўсимликлар турлари ҳамда одамнинг пайдо бўлишини; ирсий вирус ва рак касалликларининг олдини олиш ва даволаш каби оламшумул муаммоларни ҳал этиш борасида чуқур тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу тадқиқотларнинг амалга оширилиши қ. х. ўсимликлари ва ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини ошириш, турли касалликларнинг олдини олиш ва инсон умрини узайтириш каби муаммоларнинг назарий асосларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ. Биокимё соҳасидаги тадқиқотлар моддалар алмашинуви, ички секреция безлари касалликлари ва авитаминозларни даволаш усулларини очиб берди, чорва молларини боқиш, экинларни ўғитлаш, микроорганизмлар ёрдамида биологик моддалар (ферментлар, аминокислоталар, антибиотиклар, ем оқсиллари) олиш; ҳайвон ва ўсимлик хом ашёларини саноат йўли билан қайта ишлаш каби халқ хўжалиги учун катта амалий аҳамиятга эга бўлган муаммоларни илмий жиҳатдан ишлаб чиқишга имкон берди.

Назарий ва методик жиҳатдан юксак даражага кўтарилган замонавий Биокимё илмий дунёқарашларнинг шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Унинг асосий вазифалари биологик жараёнларни организмдан ташқарида яратиш, ирсий, иммунотанглик, вирус ва рак касалликларини даволаш, биотехнология ва қ. х. маҳсулотлари сифатини яхшилаш, и. ч. самарадорлигини оширишнинг назарий асосларини яратиш билан боғлиқ. Ўзбекистонда 1920 й. охирида Ўрта Осиё давлат унтида бошланган дастлабки тадқиқотларда баланд тоғлиқ (Помир) шароитида ва пасттекислиқда ўстириладиган экинларда борадиган Биокимё вий жараёнлар ҳамда айрим қон касалликларида қон таркибида содир бўладиган Биокимё вий ўзгаришлар ўрганилган. Биокимё соҳасида биринчи дарсликнинг чоп этилиши, атамалар луғатининг ишлаб чиқилиши 1930 й. да ташкил этилган Ўрта Осиё давлат ун-ти тиббиёт ф-ти (1931 й. дан Тошкент давлат тиббиёт инти) биокимё кафедраси ходимлари Саттор Жўра, шунингдек германиялик проф. Энгланд номи билан боғлиқ. 30й. охирида Биокимё соҳасида дастлабки мутахассислар тайёрланди. фан номзодлари (Д. Н. Соҳибов, А. 3. Зоҳидов) етишиб чиқди. Биокимёнинг 20-а. ўрталари ва ундан кейинги ривожланиши Биокимё, Ўлка тиббиёт, Экспериментал биология, Эндокринология, Генетика интлари, шунингдек бир қанча олий ўқув юртлари қошида ташкил этилган кафедралар ва лаб. ларда олиб борилган и. т. лар билан боғлиқ. 20-а. нинг 2-ярмидан бошлаб гормонлар биокимёси, ҳужайра метаболизмини ўрганиш, организмда липид алмашинуви, биотоксинлар таркиби ва таъсирини ўрганиш борасида бир канча и. т. лар амалга оширилди. Ўлка тиббиёт ин-тида бажарилган қалқонсимон без патологиясида йод ва тиреоид гормонлар биокимёси соҳасидаги тадқиқотлар (Ё. X. Тўрақулов, Р. Қ. Исломбеков) шу соҳадаги катта ютуқлардан бири сифатида тан олинган (1964). Ҳоз. даврда Биокимё ин-ти республикада ҳайвонлар биокимёси соҳасида олиб бориладиган ягона илмий марказ ҳисобланади. Бу ерда гормонлар ва микроблар (Ё. X. Тўрақулов, Т. С Соатов), оқсиллар (Т. X. Бобоев), ҳужайра биол. си (Ж. Ҳ. Ҳамидов), молекуляр биол. (Б. А. Отахонова), биологик мембраналар таркиби (А. К. Мираҳмедов), радиацион Биокимё (А. А. Турдиев) соҳасида и. т. лар олиб борилмоқда. Республикада ўсимликлар Биокимёдан ғўзанинг ўсишига ионлаштирувчи нурлар таъсири (А. Қ. Қосимов), биологик стимуляторлар, гербицидлар ва дефолиантлар А(. Имомалиев), фитогормонлар (А. П. Иброҳимов), ҳужайра ва ген муҳандислиги (А. Абдукаримов) ва б. соҳаларда бажарилган илмий ишлар қ. х. да қўлланилмоқца. СамДУда олиб борилган и. т. ларда айрим микроэлементларнинг қоракўл қўйларининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди, қалқонсимон без гормони тироксиннинг ҳомила ва чақалоқ организмидаги моддалар алмашинувига таъсири ўрганилди (М. А. Риш ва б.). Б. айрим соҳаларининг ривожланишида Т. X. Бобоев (ўсимлик стимуляторлари), М. Н. Валихонов (ўсимликлар биокимёси) ва б. нинг хизматлари бор. Бир гуруҳ олимлар (Ё. X. Тўрақулов, Т. С. Соатов, С. К. Холиқов, М. X. Гайнутдинов) нинг циклик нуклеоидлар ва гормонлар регуляцияси илмий асари Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди (1985). Биокимё, Эндокринология, Генетика интлари, Тошкент ва Самарқанд давлат тиббиёт интлари ва унтлари кафедраларида Биокимёнинг турли соҳалари бўйича муҳими. т. ишлари сшиб борилмоқда.

Ад:. Тўрақулов Ё. X., Биохимия, Т., 1996; Тўрақулов Ё. X., Молекуляр биология, Т., 1993; Қосимова А. ва б., Биохимия, Т., 1988; Имомалиев А., Зикирёев А., Ўсимликлар биокимёси, Т., 1987.

Ёлқин Тўрақулов.

Loading...