БИОСФЕРА

БИОСФЕРА (био… ва юн. sphaira— шар) — Ернинг тирик организмлар тарқалган қобиғи. Биосферанинг таркиби ва энергетикаси ундаги тирик организмларнинг фаолияти билан боғлиқ. Биосферани «ҳаёт соҳаси», Ернинг сиртқи қобиғи тўғрисидаги дастлабки фикрни Ламарк билдирган. «Биосфера» терминини эса фанга австралиялик геолог Э. Зюсс (1875) киритган. Биосфера тўғрисидаги тўлатўкис таълимотни рус олими В. И. Вернадский (1926) ишлаб чиққан.

Биосфера атмосферанинг озон экранигача баландликда бўлган қисми (20—25 км), литосферанинг сиртқи қисми ва гидросферани тўлиқ ўз ичига олади. Биосферанинг қуйи чегараси қуруқликда 2—3 км, океан тубида 1—2 км чуқурликкача боради.

Ердаги ҳаёт мураккаб ва хилмахил организмлар комплексидан иборат. Тирик организмлар ва улар яшайдиган муҳит ўзаро чамбарчас боғланган бир бутун динамик система—биогеоценозларни ҳосил қилади.

Ерда ҳаётнинг ривожланиши давомида организмларнинг бир гуруҳи иккинчисининг ўрнини олиб турган бўлсада, у ёки бу геокимёвий функцияларни бажариб турадиган организмлар нисбати ўзгармасдан қолган. Шу туфайли турли геологик даврларда моддалар бир хил тезликда Ер қобиғида тўпланиб борган. Шундай қилиб, тирик организмлар ҳаётнинг муҳим шарти бўлган анорганик муҳитнинг доимийлиги (гомеостаз ҳолати)ни сакдаб туради.

Инсон фаолияти Ер юзини тубдан ўзгартиришга қодир бўлган ҳоз. даврда Биосферанинг ривожланиши янги поғонага кўтарилди. Сўнгги йилларда инсоннинг Биосферага биокимёвий таъсири бошқа барча тирик организмларга нисбатан жуда катта кучга айланди. Лекин табиий ресурелардан фойдаланишни Биосферанинг ривожланиши ва функцияси қонуниятларини назарписанд қилмасдан амалга оширилиши (мас, ўрмонларнинг кесилиши, ерларнинг ўзлаштирилиши, шаҳарлар, з-д, фабрикалар, сунъий сув ҳавзалари, йўллар қурилиши ва б.) Б. даги биокимёвий жараёнларга катта таъсир ўтказмоқда. Ер ости бойликларини қазиб олиб, жуда куп миқдорда ёқилғи ёқилиши моддалар алмашинувини тезлаштириб, Биосфера таркиби ва унинг гомеостаз ҳолатига таъсир кўрсатади. Шу туфайли Биосферани бир бутун, муайян даражада тартибга солинган мураккаб динамик система деб қаралиши унда кечадиган жараёнларни тўғри тушуниб олишга ёрдам беради. Биосфера тўғрисидаги таълимот экология, биоценология ва б. фанларнинг ривожланишида, табиат ва жамиятнинг ривожланиши билан боғлиқ бўлган жуда кўп ўта мураккаб муаммоларни хал этишда катта аҳамиятта эга. Ад.: Вернадский В. И., Биосфера, М., 1967; Отабоев Ш. Т., Набиев Ч. Н., Инсон ва биосфера, Т., 1983; Биосфера. Эволюция, пространство, время, М., 1988.

Loading...