БИРИКТИРУВЧИ ТЎҚИМА

БИРИКТИРУВЧИ ТЎҚИМАодам ва ҳайвонларда мезенхимааан ривожланадиган тўқималар гуруҳи. Организмда трофик, ҳимоя, пластик ва механик функцияларни бажаради. Хусусий, тоғай ва суяк Б. т. лари фарқ қилинади. Хусусий Бириктирувчи тўқима кўпинча трофик, ҳимоя ва пластик функцияларни, тоғай Бириктирувчи тўқима эса механик функцияни бажаради; у хондробласт ва хондроцитлар, ҳужайрааро модда ҳамда коллаген ва эластик толалардан иборат. Хусусий Бириктирувчи тўқима зич ва ғовак Бириктирувчи тўқимага бўлинади. Ғовак Бириктирувчи тўқима терини мускулларга бириктириб, аъзолар орасини тулдириб туради, шиллиқ ва сероз пардаларнинг Бириктирувчи тўқима ли қаватини ҳосил қилади. Унинг ҳужайрали таркибида фибробластлар, гистиоцитлар макрофаглар, семиз ҳужайралар — лаброцитлар, плазматик ҳужайралар — плазмацитлар, ёғ ҳужайралари — липоцитлар, ретикуляр ҳужайралар, қисқартирувчи ҳужайралар — перицитлар, хроматофорлар, эндотелиал ҳужайралар ажратилади. Зич Бириктирувчи тўқима шаклланган ва шаклланмаган бўлади. Шаклланмагани тери асосини ёки унинг тўр қаватини ташкил этади. Шаклланган зич Бириктирувчи тўқима толали тузилмаларнинг тартибли жойлашиши билан ажралиб туради; баъзи аъзолар (кўз оқи, тери, фасция) да улар ўрим бўлиб жойлашса, бошқаларида (бойламлар, пайларда) параллел жойлашади. Шаклланган зич Бириктирувчи тўқимадан томирлар, бронхлар ва б. тузилмалар деворини ҳосил қиладиган эластик тўқималар ҳам ташкил топади. Суяк Бириктирувчи тўқимадан одам ва умуртқали ҳайвонлар скелетк ташкил топади.

Суяк тўқима остеобластлар, остеоцитлар ва остеокластлардан иборат. Ҳужайрааро модда коллаген толалардан тузилган бўлиб, таркибида кўпгина минерал тузлар бор.

Loading...