БИРИНЧИ ЁРДАМ — бахтсиз ҳодисалар рўй берганда, киши шикастланганда ёки тўсатдан касал бўлиб қолганда унинг ҳаётини саклаб қолиш ва ёмон асоратлардан омон қолиши учун кўрсатиладиган тез ва оддий тадбирлар мажмуи; тиббий ходим етиб келгунча ёки уларни касалхонага олиб боргунча амалга оширилади. Биринчи ёрдам ўз-ўзига ёки бошқалар томонидан (ўзаро) кўрсатилиши мумкин. Шикастланган одам жароҳатини ўзи боғлай олса, заҳарланиш аломати бўлганида, мас, кўп суюқлик ичиб меъдани ювиш ва қайт қилишга қуввати келса, ўз-ўзига Биринчи ёрдам кўрсатиши мумкин. Ўзаро Биринчи ёрдам одатда бошка киши томонидан кўрсатилади. Кишининг ҳаёти хавф остида қолганда, мас, қон кетганда, ток урганда, заҳарланишда, кома, шок ва б. ҳолатларда дарҳол Биринчи ёрдам кўрсатиш зарур. Кейинги кўрсатиладиган тиббий ёрдам Биринчи ёрдамнинг қанчалик тўғри кўрсатилганлигига боғлиқ. Mac, суяк очиқ синганда боғлов ва шина (тахтакач)нинг тез ва тўғри қўйилиши (қ. Иммобилизация), кўпинча шок ва б. оғир касалликларнинг олдини олишга, шикастланиб беҳуш ётган кишини ёнбоши билан ётқизиш трахея ва бронхларга қусуқ массаси ҳамда қон кетиб қолмаслигига ёрдам беради.
Биринчи ёрдам уч хил тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади:
1) ташки шикастловчи омиллар (электр токи, босиб қолган оғир нарса ва б.) таъсирини дарҳол бартараф этиш ёки шикастланган кишини ноқулай шароитдан холи қилиш (сувдан, ўт тушган жойдан олиб чиқиш ва б.);
2) шикастланиш тарзига қараб Биринчи ёрдам кўрсатиш (булар ҳақида қ. Суяк чиқиши, Суяк синиши, Заҳарланиш, Ҳушдан кетиш, Жароҳатланиш, Куйиш ва б.);
3) яқин атрофдаги касалхона, поликлиникага етказиш. Одам тўсатдан бетоб бўлиб қолганида, турли хил бахтсиз ҳодисалар рўй берганида, албатта тез ёрдам чакириш, ноилож қолган ҳолларда дуч келган транспортда даволаш муассасасига олиб бориш зарур. Тўғри Биринчи ёрдам кўрсатиш учун доим тегишли билим ва малакани ошириб бориш лозим. Ишхона, автомашина ва уйдаги дори кугичада Биринчи ёрдам учун зарур бўлган ҳамма нарсалар бўлиши керак.