БИРЛАМЧИ ОҒИЗЛИЛАР

БИРЛАМЧИ ОҒИЗЛИЛАР (Protostomia) — икки томонлама симметриялиларга мансуб бўлган ҳақиқий кўп ҳужайрали ҳайвонлар. Умуртқасиз ҳайвонларнинг кўпчилик типлари (ясси чувалчанглар, бирламчи тана бўшлиқлилар, тиканбошлилар, немертинлар, ҳалқали чувалчанглар, моллюскалар, бўғимоёқлилар, онихофоралар, пайпаслагичлар) киради. Бирламчи оғизлиларнинг оғиз тешиги бошланғич оғиз (бластопор)дан ёки унинг олдинги қисмидан вужудга келади, анал тешиги қайтадан тананинг орка қисмида ҳосил бўлади; ташқи скелети (кутикуласи, хитини ёки чиғаноғи) бор; олдинги ва орқа ичаклари эктодермадан ташкил топади.