БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ БОШ АССАМБЛЕЯСИ — БМТ асосий органларидан бири, барча аъзоларининг умумий йиғилиши. Бутун БМТга тегишли вазифалар ҳамда ваколатларнинг муҳим қисмини бажаради. БМТ барча асосий органлари орасида энг ваколатлиси. Шу органларни шакллантиришда иштирок этади. БМТга аъзо ҳамма давлатлар ўз вакилларига эга бўлган ягона орган. Мазкур вакиллар купи билан 5 делегат ва яна шунча делегат ўринбосари ва зарур микдордаги маслаҳатчилар ва экспертлардан ташкил топади. БМТга аъзо давлатларнинг барчаси БМТ Бош Ассамблеясида тенг ҳуқуқли, яъни ҳар бири бир овозга эга. Делегация мажлислар залида давлатнинг инглиз тилидаги расмий номига мувофиқалифбо тартибида жойлашади. БМТ Бош Ассамблеяси БМТ Устави доирасидаги ёки унинг ҳар қандай органи ваколат ҳамда вазифаларига дойр ҳар қандай масала ёхуд ишни, биронбир давлат ёки Хавфсизлик Комитети ўртага қўйган масалапарни муҳокама қилиш, шунингдек БМТ аъзолари ва (ёки) Хавфсизлик Кенгашига оид тавсияларни бериш ваколатига эга. БМТ Бош Ассамблеяси Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоларини (доимий аъзолари БМТ Устави 23моддасида кўрсатилган), Иқтисодий ва Ижтимоий кенгаш аъзоларини сайлайди; Хавфсизлик Кенгаши билан бирга Халқаро суд судьяларини сайлашда қатнашади; Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига биноан БМТ Бош котибини тайинлайди; Хавфсизлик Кенгашининг ва БМТ бошқа органларининг йиллик ҳамда махсус докладларини қабул қилиб, кўриб чиқади; БМТ бюджетини муҳокама этиб, тасдиклайди. БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги йиллик сессияга (у одатда сент. ойининг 3-сешанба куни очилади), шунингдек махсус ёки (1950 й. дан) фавқулодда сессияга йиғилади. Махсус сессиялар Хавфсизлик Кенгаши, БМТ аъзоларининг кўпчилиги ёки булар маъқуллаган ҳолда БМТ аъзоларидан бирининг талаби билан чақирилади. БМТ Бош Ассамблеясининг ҳар бир сессиясида раис ва унинг 21 ўринбосари сайланади. Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг вакиллари сессия раиси этиб сайланмайди. Шунингдек иккита процедура қўмитаси тузилади. БМТ Бош Ассамблеясининг 7 бош қўмитаси ва 2 доимий қўмитаси бор. Бош Ассамблея тавсия тусидаги резолюцияларни қабул қилади.