БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВАКОЛАТХОНАСИ — БМТ тизимидаги махсус ташкилотлар фаолиятини бирлаштириб, улар эътиборини Ўзбекистон Республикаси ҳукумати белгилаган асосий йўналишларга қаратувчи вакиллик. 1993 й. 24 авг. да очилган. Ваколатхона мақсади бозор иқтисодиётига ўтиш даврига хос ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий, таълим, илмфан ва маданият, инсон ҳуқуқлари, демократия ҳамда бошқарувни ривожлантириш, оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш, гиёҳвандликка қарши кураш, Орол муаммоларини хал этиш соҳасидаги халқаро алоқаларни йўлга қўйишда махсус дастурларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон билан БМТ ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Таркиби БМТнинг қуйидаги бўлим ва дастурларидан ташкил топган: Тараққиёт дастури; Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими; Гиёҳвандликка қарши кураш дастури; Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссар бошқармасининг ваколатхонаси; Болалар жамгармаси (ЮНИСЕФ); Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) нинг ваколатхонаси; Жаҳон соғлиқни саклаш ташкилоти; Аҳоли жамғармаси (ЮНФПА) ва б.