БИРОНСОЙ РАСМЛАРИ — Нурота тоғлари тармоғи (Қоратоғ) даги Биронсой дараси қоятошларига ишланган тасвирлар; даранинг икки томони бўйлаб 2,5—3 км масофага чўзилган. 1967 й. да акад. Я. Ғуломов раҳбарлигидаги археологик экспедиция (Ж. Кабиров бошлиқ гуруҳи) томонидан топилган. Расмларда одам, ўқёй, от, ит, туя, эчки, қўй, ёввойи ҳайвонлардан тур (ёввойи буқа, сигир), архар, тоғ эчкиси, буғу, тўнғиз, бўри, тулки, илон, қоплон, йўлбарслар тасвирлари акс этган. Турли катталикдаги (энг каттаси 1×1 м, энг кичиги бир неча см) Биронсой расмларининг умумий сони 2 мингдан ортиқ. Асосан оддий чизиклар, соя, нарсаларнинг шакл кўриниши усулида қаттиқ буюмлар б-н урибчўкичлаб, баъзилари чизиб, ишқалаб ишланган. Тошлар сатҳида ишлаш жараёнида асбобларнинг думалоқ, бодомсимон чўзинчоқ, баъзан тўртбурчак шаклли излари қолган. Биронсой расмлари мазмуни жиҳатдан рангбаранг: ов, чорвачилик (туячилик, йилқичилик)ка оид манзаралар, маиший ҳаёт, диний эътиқод (зардуштийлик) билан боглик лавҳалар кўпчиликни ташкил қилади. Биронсой расмларининг энг қад. си мил. ав. 3—2-минг йилликка мансуб, шунингдек мил. ав. 1-минг йилликка ва мил. 1—7-а. ларга оидлари ҳам анчагина. Биронсой расмлари шу ерда яшаган халқнинг тарихи ва маданияти, урфодати, диний эътиқодини ўрганишда катта илмий аҳамиятга эга бўлган санъат обидасидир.