БИЗНЕС РЕЖА

БИЗНЕС РЕЖА — аниқ танланган тадбиркорлик ишининг барча босқичлари тавсифланган ва тахм. ҳисобкитоб қилинган лойиҳа. Унда аниқ танланган тадбиркорлик ишининг ҳамма томонлари ўз аксини топади. Бизнес режа ўз таркиби жиҳатидан лойиҳанинг афзалликлари ва уни амалга оширишдан кутиладиган молиявий натижалар баён этилган якуний хулоса ҳамда асосан 10 бўлимдан иборат асосий қисмга бўлинади. Бизнес режада лойиҳа бўйича ишлаб чиқариладиган товар (хизмат)ларнинг тавсифи ҳамда унинг харидоргирлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайдиган омиллар; бозор ҳажмини баҳолаш асосида сотиш бозори, тадбиркор бозорнинг қайси сегментида иш юритиши, савдо ҳажми, (товархизмат)лар нархи прогнозлари; эҳтимоли бўлган рақобатчилар (уларнинг маҳсулотлари сифати ва харидоргирлиги, нархи тўғрисида ахборот берилади); маркетинг хизматининг асосий унсурлари (товарнинг қандай йўл б-н сотилиши, товар нархининг шаклланиши, сотишни рағбатлантириш, рекламанинг қайси усулларини танлаш ва б.); маҳсулот и. ч. режаси (и. ч. алоқалари, маҳсулот сифатини назорат қилиш, и. ч. харажатлари ва б.); умуман ишни, ходимлар ишини ташкил этиш; лойиҳанинг ташкилийҳуқуқий шаклларини белгилайдиган юридик режа; лойиҳа бўйича барча маълумотларни умумлаштирадиган ҳамда уларнинг қиймат ифодалари кўрсатилган молия режаси; лойиҳани молиялаш стратегияси (воситаларни қаердан ва қандай шаклда олиш, жами қанча пул кераклиги, унинг қаердан олиниши ва харажатларнинг қопланиши, инвесторларнинг даромад олиш вақги ва б.) ўз ифодасини топади. Бизнес режани ишлаб чиқишда тадбиркорнинг ўзи («биринчи раҳбар»), фирма (хўжалик) ларнинг мутахассислари иштирок этади, ташқаридан маслаҳат ва тавсиялар олинади. Бизнес режа экспертлар кўригидан ўтказилади ва олинган хулосаларга таяниб Бизнес режа янада мукаммаллаштирилади. Бизнес режа кредит бериш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шерқул Шодмонов.