БЛОКАДА

БЛОКАДА (инг. blockade — қамал, қуршамоқ) — 1) (ҳарбий) — ҳарбий ҳаракатни амалга оширишнинг душман объектини ажратиб, яккалаб, ташқи алоқаларини издан чиқаришга қаратилган алоҳида шакли. Бундан мақсад душман давлатнинг ҳарбийиқтисодий қудратини синдириб, таслим бўлишга мажбур этишдан иборат (яна қ. Қамал);

2) (сиёсий) — бирор давлатни муайян талабни бажаришга мажбур этиш мақсадида унинг ташқи алоқаларига путур етказишга қаратилган сиёсий тадбирлар тизими. Сиёсий Блокада давлатни дипломатик жиҳатдан яккалаб қўйишда ифодаланади. Сиёсий Блокада кўпинча иқтисодий Блокада, баъзида ҳарбий Блокада билан боғлиқ бўлади. 2-жаҳон урушидан сўнг Ғарб давлатлари миллий мустақиллик учун кураш йўлига ўтган давлатларга қарши сиёсий Блокадани кенг миқёсда қўллади;

3) (иқтисодий) — бирор давлатнинг хўжалик тараққиётини издан чиқариш мақсадида уни иқтисодий жиҳатдан яккалаб қўйиш. Ташқи савдо, молия, қарз ва б. иқтисодий алоқаларни тўхтатиб қўйиш (тақиқлаш) йўли билан амалга оширилади. Одатда, сиёсий ва аксарият ҳарбий Блокада билан қўшиб амалга оширилади;

4) (тиббий) — бирор аъзо ёки системанинг функциясини вақтинча тўхтатиш, мас, юрак Б. си — юракнинг импульс ўтказувчи системаси бўйлаб импульс ўтишини тўхтатиш; новокаинли Блокада — новокаин пуркаб қилинадиган муолажа, бунда новокаин нерв ҳужайраларига яллиғланиш ва аллергияга қарши таъсир кўрсатади.

Loading...