БОБИЙЛАР ҚЎЗҒОЛОНЛАРИ — Эронда шоҳ тузумига қарши бўлиб ўтган халқ қўзғолонлари (1848—52); бобийлик таъсирида бўлгани учун Бобийлар қўзғолонлари деб аталган. Қўзғолон иштирокчилари асосан деҳқонлар, ҳунармандлар, шаҳар камбағаллари ва майда савдогарлардан иборат бўлган. Унга паст табақадаги руҳонийлар ва бобийлик мазҳабига мансуб савдогарлар вакиллари бошчилик қилган. Бобийлар қўзғолонлари Эрондаги мавжуд тузумни абадий бахтли ҳаёт билан алмаштиришни кўзда тутган утопи к характердаги қўзғолон эди. Биринчи қўзғолон (1848 й. сент.) Мозандаронда бошланди. Мулла Муҳаммад Али ва Мулла Ҳусайн етакчилигидаги қўзғолончилар (2 мингдан ортиқ) шайх Табарсий мақбараси яқинидаги қалъани эгаллаб, шоҳнинг мунтазам қўшинига узоқ вақт (1849 й. майгача) қар. шилик кўрсатдилар. Аммо, кучлар тенг бўлмагани боисидан мағлуб бўлдилар. Иккинчи қўзғолон (1850 й. июнь — дек.) биринчисига нисбатан анча тартибли ва кучлироқ бўлди. Қўзғолончилар асосан Занжон ш. атрофидаги ҳунарманд ва деҳқонлардан иборат бўлиб, қўзғолонда ҳатто аёллар ҳам иштирок этди. Шунга қарамай, у 1850 й. охирларида бостирилди. У ч и н чи қўзғолон (1850 й. июнь) Форс вилоятининг Найриз ш. да бошланиб, бир неча кун ичида бостирилди. Шундан сўнг бобийлар шоҳга қарши суиқасд уюштирдилар (1852 й.). Лекин шоҳ омон қолиб, бобийларни бутунлай қирғин қилган.