БОБУР МИЛЛИЙ БОҒИ МАЖМУАСИ

БОБУР МИЛЛИЙ БОҒИ МАЖМУАСИ, «Боғи Бобур» — Андижон ш. нинг жан. шарқида — Буюк ипак йўли ёқаси (Боғишамол) даги адирда жойлашган ёдгорлик мажмуи (меъмори Муҳаммаджон Мирзаев). 300 га майдонни эгаллаган. Ўзбекистон Республикаси халқаро Бобур жамғармаси (раҳбари Зокиржон Машрабов) ташаббуси билан 1991—92 й. лар барпо этилган. Кобул ш. даги «Боғи Бобур»га қиёсан қурилган. Боққа кириш учун шарқона услубда қурилган мармар дарвозайўлакдан кўп поғонали зиналар орқали юқорига кўтарилади. Биринчи супачада Бобурнинг улкан ҳайкали (ҳайкалтарош Қодиржон Салоҳиддинов) ўрнатилган. Ундан юқоридаги супачада «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи қад кўтарган. Унинг мовий гумбази ичидаги ва деворидаги безакрасмларни «Бобурнома» асари мазмунида маҳаллий рассом Улуғбек Болтабоев чизган. Музей кўргазмаларида Бобур жамғармаси турли мамлакатларга бир неча бор уюштирган экспедиция натижасида тўпланган ноёб тарихий китоблар, Бобур асарларининг қўлёзма нусхалари, хусусан «Хатти Бобурий»да Бобур ўз қўли билан кўчирган Қуръони карим нусхалари, Бобур даври қуроласлаҳалари, сарой аҳли кийимлари, бобурий подшоҳлар зарб қилдирган танга пуллардан намуналар қўйилган. Музейнинг икки ёнидан ўтган мармар зинали йўл яна ҳам юқорига, сўнгги супага кўтарилади. Бу ерда Бобурнинг рамзий қабрсағанаси (Кобулдаги Бобур қабри тупроғидан олиб келиб қўйилган) бор. Рамзий қабрдан юқорига кетган йўл болалар ўйин майдончаларига олиб чиқади. Пастдан истироҳат боғининг юқорисига осма йўл (2 км) ҳам ўтказилган. Боғда ҳунармандчилик буюмлари дўкони, шунингдек чойхона, ошхона ва б. дам олиш масканлари бор. Алоҳида дам олиш жойида концерт кўриш саҳнаси, кураш ва б. мусобақалар ўтказиладиган майдон қурилган. Боғда 20 хилдан ортиқ мевали (ёнғоқ, узум, олма, анор, анжир, гилос ва б.), 10 дан ортиқ манзарали дарахтлар (арча, чинор, эман, чаканда, мажнунтол, мирзатерак ва б.) экилган. Боғ ниҳоятда хушманзара, обод; Андижон ш. ва атрофдаги аҳолининг оромгоҳ ва зиёратгоҳ жойи. Бу ерда Наврўз ва Мустақиллик кунлари халқ сайиллари бўлиб ўтади (89б. даги расмга қ.).

Собиржон Шокаримов.

Prev Article

БОБОХОНОВ

Next Article

БОВЕ