БОҒИ САФИД — Шоҳрух Бойсунқур Мирзога атаб Ҳиротнинг шим. шарқида қурдирган боғ. У ҳижрий 813 й. нинг 24 зулқаъдасида (1411 й. 20 март) тантанали суратда очидди. Боғдаги қаср оқ (сафед) мармардан қурилган. Абдураззоқ Самарқандий Б. С. нинг бино этилишини таърифлаб, қасрини безашда «Эпчил қўлли наққошлар ҳар бир хонага (ўз хунарларидан) бир нусха ясаганлар ва ҳар бир болохонага… бир манзарани ишлаганлар, қаср деворининг изораси ва боғ атрофи деворларининг устига яшма тоши қўйилган, устига бўрттириб ишланган расмлар чизиб, нақшланган», деб ёзади. Бойсунқур Мирзо боғда истиқомат қилиб, ўз илмий, адабий анжуманларини ҳам шу ерда ўтказган.