БЎҒИМ — 1) (ботаникада) поя ва новданинг барг, куртак, баъзан қўшимча илдиз ҳосил қиладиган кисми (nudus). Бошланғич барг билан бирга ўсиш конусидан шаклланади. Бўғим орқали баргдан ўтказувчи най толали бойламлар пояга ўтади. Поя билан новданинг 2 бўғим ўртасидаги қисми Бўғим оралиғи дейилади;
2) умуртқасиз ҳайвонлар (бўғимоёқлилар, ҳалқалилар) нинг бир қанча гуруҳларида тана ва органлар (мас, оёқлар, мўйловлар, кўкрак ёки қорин) нинг айрим қисмларини ўзаро ҳаракатчан туташтириб турадиган структураси (сегментация);
3) умуртқали ҳайвонлар ва одамлар суякларининг ҳаракатчан бирикишини таъминлайдиган структура (articulatio). Умуртқали ҳайвонда Бўғимнинг асосий элементи ўзаро ҳаракатчан қўшиладиган суякларнинг тоғай билан қопланган юзаси, суякларни ажратиб турувчи ва синовиал суюқпик билан тўлган бўшлиқ, бу бўшлиқни чегаралаб турувчи бўғим капсуласи (халтаси) дан иборат. Ҳайвонлар эволюцияси давомида ҳаракатланишнинг такомиллашуви билан Бўғимнинг шакли ва хусусияти ўзгариб борган. Юзаси шаклига биноан Бўғим шарсимон, эллипссимон, эгарсимон ва б. хилда; силжиш йўналиши ва даражасига биноан ҳаракатчан, чала ҳаракатчан, бир, икки ва кўп ўқли бўлади. Бўғимнинг эркин ҳаракатланиш даражасини унинг шакли, бўртиқлари, пайларнинг таранглиги, капсулалар чеклаб туради. Синовиал суюқлик Б. юзасининг силжиши, тормозланишини таъминлайди.